Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:36

Ўзбекистон пластик карточка тизимига ўтишга тайёрланмоқда


Тўлқин Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрда қабул қилган қарорига кўра, бюджет ташкилотлари Тошкент шаҳрида келгуси йил 1 январдан, вилоят марказлари ва бошқа шаҳарларда 1 июлдан бошлаб ойлик маошларни пластик карточкалар билан бериш тизимига ўтади.

Ҳозирги кунда мазкур қарор ижросига киришиш учун катта тайёргарлик ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамай, бу тадбир бюджет ташкилотларида ишлайдиган аксарият ходимларни ташвишга соляпти.

Янги йил бошидан пластик карточка тизимига ўтадиган ташкилотлар сирасига соғлиқни сақлаш соҳаси муассасалари ҳам киради.

Тошкент шаҳридаги поликлиникалардан бирида ишлайдиган ходимларнинг сўзларига қараганда, бу ҳолат кам миқдорда маош оладиган тиббиёт хизматчиларини анча ташвишлантиряпти.

“Шифокорларнинг ойлиги унча катта эмас. Олий маълумотли шифокорнинг маоши 19 минг 600 сўм миқдорида белгиланган. Бу маблағни банкка қўйиб, пластик карточка олишдан у нима манфаат кўради? Қолаверса, пластик карточка ишлатганда банк харажатлари учун қўшимча тўловлар ҳам тўлаш керак. Бундан ташқари, пластик карточкага ўтиш мажбурий қилиб белгиланган”, деди тиббиёт ходимларидан бири.

Шифокорларнинг таъкидлашича, кичик маош олувчилар, асосан, бозорлардан маҳсулот харид қилади. Пластик карточкалар билан эса банкоматлар ўрнатилган супермаркетлардагина савдо қилиш мумкин. Лекин уларда нархлар жуда қиммат.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, 1 январгача Тошкент шаҳридаги барча чакана савдо, маиший ва коммунал хизмат, ёнилғи қуйиш шохобчалари ва бошқа муассасаларда пластик карточка билан муомала қилиш мумкин бўлган терминаллар ва банкоматлар ўрнатилиши керак. 1 июлгача эса бутун мамлакат бўйича шу каби жиҳозлар ўрнатилиши лозим.

Иқтисодиёт университети доценти, “Пахтабанк” методология тузилмаси бошлиғи Иброҳим Ҳакимовнинг билдиришича, аҳолининг пластик карточка тизимидан хавфсираётгани ўринли. Чунки савдо ва бошқа хизматлар кўрсатадиган муассасаларда шу вақтгача терминаллар ўрнатилмаган. Лекин Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида кўп жойларда пластик карточка билан савдо қилиш ускуналари ўрнатилмоқда. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси пластик карточка билан ишлашга тайёр бўлгандагина бу тизимни йўлга қўйиш тўғри бўлади.

“Асакабанк” ходимининг айтишича, пластик карточкадан фойдаланганлик учун истеъмолчи ишлайдиган ташкилот хизмат кўрсатувчи банкка 1,5 фоиз тўлов тўлайди. Маош нақд пул билан олинганда эса банкка 1 фоиз тўлов тўланади. “Асакабанк” истеъмолчининг пластик карточкасидаги фойдаланилмай қолган суммага ойига 2 фоиз қўшиб беради.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистонда банк тизими ходимлари бир неча йиллардан бери пластик карточкалардан фойдаланади. Уларнинг тушунтиришича, истеъмолчи пластик карточкадаги маошни банкоматда истаган вақтда, исталган ҳажмда нақд пулга алмаштириб олиши мумкин.

И.Ҳакимовнинг фикрича, пластик карточка тизими банк ва давлат учун жуда фойдалидир. Бу тизимда пул оқимини кузатиш, назорат қилиш мумкин бўлади. Шунингдек, нақд пул муомаласи қисқаради. Бу эса пул айланишини тезлаштиради. Карточка тизими аҳоли учун ҳам фойдали. Фуқаро ўз маблағи қолдиғи учун банкдан фоиз олиб туради.
XS
SM
MD
LG