Линклар

Алвидо, театр!


Дилнаво Жорий йилда ўзининг 75 йиллик юбилейини ўтказишни режалаштираётган Тошкентдаги Йўлдош Охунбобоев номидаги республика ёш томошабинлар театри жамоаси кутилмаганда театр биносини тарк этишга мажбур бўлди.

Тошкентнинг эски шаҳар қисмида жойлашган театр биноси 1865 йилда бир бой томонидан омбор сифатида қурилган. Кейинчалик бинода кўпгина идоралар жойлаштирилган. 1936 йилда эса мазкур бино республика ёш томошабинлар театри ихтиёрига берилган.

Театр бадиий раҳбари Олимжон Салимовнинг сўзларига қараганда, бугунги кунга театр биноси фойдаланишга яроқсиз аҳвол келиб қолган. Театрга янги бино қуриб бериш масаласи 20-30 йилдан буён кун тартибига қўйиб келинади. Лекин амалий иш қилингани йўқ. Бундан икки ҳафта муқаддам театрни бошқа бинога кўчириш ҳақида хабар келган. Аммо жамоанинг кейинги тақдири ҳозирча номаълум бўлиб турибди.

О.Салимовнинг айтишича, икки йил муқаддам театр биносини таъмирлаб, жамоа ўз ишини шу ерда давом эттириши ҳақида гап-сўзлар бўлган. Бу борадаги лойиҳани тузишда театр жамоаси ҳам қатнашган. Лекин бу режа бўйича ҳам бирорта иш қилинмаган.

О.Салимовнинг билдиришича, театр биносининг бузилиши ҳақида жамоага ҳеч ким олдинроқ хабар бермаган. Ҳолбуки, театрда ўтказиладиган болалар учун янги йил томошаларига чипта сотиб бўлинган. Ўзбекистон халқ артисти Манзура Ҳамидова таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан режалаштирилган хотира кечаси ҳам ўтказилмай қолган.

Мазкур театр саҳнасида Ўзбекистон театр саъатининг катта дарғалари ижод қилган. Сўнгги йилларда театр жаомаси нафақат Марказий Осиё, балки Германия, Миср каби хорижий мамлакатларда гастролларда бўлиб, муваффақият қозониб келаётган эди.

О.Салимовнинг таъкидлашича, эндиликда янги йил томошалари ва спектакллар театр учун ажратилган бошқа бинодаги кичик саҳнада ўтказилади.
XS
SM
MD
LG