Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:51

Ўзбекистонда ЕХҲТ кузатувчилари иш бошлади


26 декабрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловида қатнашиш учун 2 декабрь куни Тошкентга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари келди.

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати раҳбари Низомиддин Нурматовнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, 3 декабрь куни ЕХҲТнинг Любомир Копай бошчилигидаги кузатувчилари делегацияси МСК раиси ўринбосари Сайёра Хўжаева билан учрашган. Учрашув чоғида ЕХҲТ вакилларига кузатувчи мандати топширилган. Мазкур ташкилот миссияси 3 декабрдан Ўзбекистонда ўз ишини бошлаган. МСК кузатувчиларга барча шароитни яратиб беради.

“ЕХҲТ вакиллари нафақат кузатувчилик қилади, балки сайловга баҳо ҳам беради. Биз учун ҳар бир кузатувчининг баҳоси эътиборлидир”, деди Н.Нурматов.

ЕХҲТ миссияси раҳбари Любомир Копайнинг таъкидлашича, ташкилот Ўзбекистонга кам сонли кузатувчиларни жўнатган.

“Ташкилотимиздан Ўзбекистондаги сайловни жами 21 киши кузатиб боради. Ҳар бири икки кишидан иборат 6 гуруҳ вилоятларда ишлайди. 9 киши эса Тошкентда фаолият кўрсатади”, деди Л.Копай.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ЕХҲТдан Ўзбекистонда ўтадиган сайловга кузатувчи юбормасликни сўраганди. Кейин эса мухолифатдаги “Эрк” ва “Озод деҳқонлар” партиялари аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси биноси олдида пикет ўтказиб, ташкилотдан сайловга кузатувчи юбормасликни талаб қилганди. Улар парламент сайлови демократик руҳда ўтмаслиги, чунки унда мухолифатдаги партиялар қатнашишига йўл қўйилмаганини билдирганди.

Хўш, бу талаблар ЕХҲТ томонидан қай даражада инобатга олинди?

Л.Копайнинг маълум қилишича, ЕХҲТнинг Варшава бюросидаги инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар аввалроқ Ўзбекистонда бўлиб қайтган. Улар ўз кузатувлари ҳақида ЕХҲТга ахборот берган. Шундан сўнг ташкилот сайловга кам сонли кузатувчилар юборишга қарор қилган.

Л.Копайнинг айтишича, одатда ЕХҲТ кузатувчи юборишда муайян мамлакатдаги сайловчилар сонидан келиб чиқади. Масалан, Қозоғистонда яқинда ўтказилган сайловга ЕХҲТ 250 нафар кузатувчи жўнатган эди.
XS
SM
MD
LG