Линклар

Электр энергиясидаги узилишлар халқни кўчага бошламоқда


Турғунбек 1 декабрь куни кечқурун Андижон вилояти Марҳамат туманидаги Бозорбоши қишлоғи аҳли электр энергиясидаги узилишлардан норозилик билдириб, Ўш-Фарғона катта магистрал йўлини тўсиб қўйди.

Норозилик акцияси иштирокчиларининг сўзларига қараганда, электр таъминотидаги узилишлар мунтазам тус олган. Бунинг устига, табиий газ ҳам йўқ. Аҳоли бундан норози бўлиб, аввал шу қишлоқдан сайланган депутатнинг уйига борган. Лекин депутат уйидан чиқмаган. Шундан сўнг аҳоли йўлни тош ва ёғочлар билан тўсиб қўйган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Марҳамат тумани бўлими раиси Дилмурод Муҳиддиновнинг таъкидлашича, аҳоли йўлни тўсгач, ўтиб кетишга уринган машиналар ҳайдовчиларини калтаклаган. Воқеа жойига етиб келган ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари тезда ортига қайтиб кетган. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва электр тармоқлари корхонаси вакили ҳам аҳоли томонидан ҳақоратланиб, ҳайдаб юборилган.

Мазкур норозилик чоғида “Дамас” русумли автомобиль ҳайдовчиси Абдували Ражабов ҳам жабрланди. У бошқараётган машинанинг ойналари синдириб ташланди. Маълум бўлишича, А.Ражабов бу ҳолатга туман электр тармоқлари корхонасини айбдор, деб билган ва корхонага бориб, навбатчининг қаршилигига қарамай, бу ердаги телевизорни олиб чиқиб кетган. У машинасига зарар етишига корхона сабаб бўлгани учун шундай қилганини билдирган.

Д.Муҳиддиновнинг айтишича, аҳолини электр билан таъминлашдаги узилишлар махсус жадвал бўйича амалга оширилмоқда. 1 ноябрдан бошлаб ҳар бир қишлоқда тўрт соатдан ток узиб қўйиляпти. Бу ҳолат баҳоргача давом этади.
XS
SM
MD
LG