Линклар

logo-print

Президентнинг фикри ўзбекистонларнинг аксариятиникига тескари


Тўлқин Куни-кеча Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Олий Мажлиснинг навбатдаги сессияси чоғида шахсан мамлакатда ўлим жазоси қўлланишига қаршилигини, лекин аҳолининг катта қисми мазкур жазо тарафдори эканини билдирганди.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази аҳолининг ўлим жазосига муносабатини ўрганиш мақсадида мамлакатнинг 7 вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида сўров ўтказганди. 1200 респондент қатнашган ушбу тадбир натижалари хусусида марказ эълон қилган маълумотномада қуйидаги сўзлар бор эди:

“Сўров натижалари шуни кўрсатадики, ўзбек жамиятида ўлим жазосига нисбатан муайян муносабат шаклланган. Мамлакатнинг аксарият фуқаролари, яъни 78,2 фоиз аҳоли энг оғир жиноят содир этганда ўлим жазоси қўлланилиши керак, деб ҳисоблайди. Кўпчилик респондентларга кўра, содир этилган жиноят ўлим жазосига лойиқ бўлса, бу адолатли жазодир” .

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида ўлим жазосини бекор қилмаган ёки мораторий жорий этмаган ягона мамлакат ҳисобланади. Ҳозир Ўзбекистонда 8 турдаги энг оғир жиноят учун ўлим жазоси қўлланилади.

Хўш, Ўзбекистонда чиндан ҳам аҳолининг аксарияти мана шу жазо тарафдорими? Бу ўзбек халқининг шафқатсизлиги ва кечиримли эмаслигини билдирадими ёки мамлакатда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятнинг акс-садосими? Бунда ислом дини ёки миллий менталитет таъсири мавжудми?

Психолог Дилбар Маҳмудованинг фикрича, ўлим жазосидан кўзланган мақсад бир одамни жазолаш орқали бошқаларни тарбиялашдир. Аҳолининг кўпчилиги бу жазони ёқлашига ислом дини эмас, балки ўзбек халқининг тарбияга, қаттиққўлликка мойиллиги ижтимоий сабаб бўла олади.

“Оналар қийноқлар ва ўлим жазосига қарши” ташкилоти вакиласи Маира Раҳмонованинг сўзларига қараганда, у ўзбекистонликларнинг аксарияти ўлим жазосини ёқлайди, деган фикрга қўшилмайди. Чунки аҳолининг кўпчилиги мамлакатда бу жазо борлигидан ҳам бехабар. Бу масалага ойдинлик киритиш учун аслида мамлакат миқёсида умумхалқ сўрови ўтказилиши лозим. Унинг натижасига қарабгина халқнинг иродаси хусусида ҳукм чиқариш мумкин.

“Оналар қийноқлар ва ўлим жазосига қарши” ташкилоти раисаси Тамара Чекунова Ўзбекистонда ўлим жазоси билан боғлиқ барча маълумотлар сир сақланишини таъкидлади.

“Аҳоли қанча одам ўлим жазосига ҳукм қилиниши ҳақида тасаввурга эмас. Кишилар бу жазога ҳукм қилинганларга қариндошлари билан сўнгги учрашувга рухсат этилмаслигини билмайди. Ота-оналар, маҳкумнинг яқинлари у қаерда дафн этилганини билиш имкониятига эга эмас. Улар ҳатто маҳкум қатл этилганми ёки йўқми, бундан ҳам бехабар қолади. Бу эса инсон ҳуқуқларига мутлақо зиддир”, деди Т.Чекунова.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган бир фуқаронинг айтишича, ўлим жазосини бекор қилиш керак. Чунки жиноятчи жиноят содир этаётганида ўлим жазоси борлиги ҳақида ўйламайди.

“Ўлим жазоси қўллаш гуноҳ. Қолаверса, ўлим жазоси ҳақида ҳукм чиқараётганларнинг ўзлари гуноҳкор-ку”, деди яна бир суҳбатдош аёл.
XS
SM
MD
LG