Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:14

Украинада ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги зиддият барҳам топишдан йироқ


Украина Олий Маҳкамаси мамлакатда ўтказилган президентлик сайловларинининг иккинчи давраси натижаларини ноқонуний деб топганига қарамай, мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги зиддият бархам топмаган. Бир томондан, Виктор Юшенко етакчилигидаги мухолифат кучлари президентдан Янукович бошлиқ россияпараст ҳукуматни тарқатиб юборишни ва янги Марказий сайлов комиссия таркибини тасдиқлашни талаб этаётган бўлса, бошқа томондан, президентлик муддати тугаб бораётган Леонид Кучма мухолифатни президент ваколатларини чекловчи конституциявий ўзгартишларни қабул қилишга чақирмоқда.

Мухолифат етакчиси Юшенко ва унинг тарафдорлари фикрича, ҳозирги ҳукумат бўлғуси президент ваколатларини чеклаш орқали, мамлакатда "Статус-Кво", яъни мавжуд ҳолатни сақлаб қолишга уринмоқда. Бу ҳақда таъкидлар экан, мухолифат етакчиси Виктор Юшенко, мағлубиятини хис эта бошлаган ҳозирги ҳукумат Конституцияга тезда ўзгартиш киритиш орқали бўлажак президент ваколатларини чеклашга ҳаракат қилмоқда, деди. Мухолифатнинг яна бир кўзга кўринган намояндаси, Юлия Тимошенко эса, Кучманинг осонликча эгардан тушгиси йўқлигини айтади.
"Биринчидан, аминманки, сиёсий майдонни тарк этиши кутилаётган Леонид Кучма ими-жимида ҳокимиятдан кетмайди. Украина мухолифати унга қандайдир кафолатлар берса, пенсияга чиқишга рози бўлар, дейиш ҳам нотўғридир", - деди Тимошенко.
Айни пайтда Кучма мухолифатни ўтган хафта эришилган шартнома доирасида ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш тўғрисидаги ваъдасини бажармаганликда айблади ва Россия ҳамда Европа Иттифоқи кузатувчиларини юзага келган сиёсий инқирозга барҳам беришда иштирок этишга чақирди.
Виктор Юшенкога кўра, мамлакатнинг асосий қонуни ҳисобланмиш Конституцияга ҳозирги мураккаб вазиятда, шошқалоқлик билан ўзгартиш киритиш нотўғри бўларди. Кузатувчилар эса, Президент Кучма ўз манфаатини ўйлаб, шундай ўзгартишларни тезроқ қабул қилиш ташаббуси билан чиқаётганини айтишяпти.
2000 йил бошларида ўз хокимиятини мустаҳкамлашга муваффақ бўлган Кучманинг, бирдан ҳозир, яъни президентлик ваколати тугаётган пайтда мамлакат рахбари салоҳиятини чеклаш ташаббуси билан чиқаётганини бунга мисол сифатида келтиришади тахлилчилар.
Юшенко етакчилигидаги мухолифат Кучмага бир неча талаб қўйган эди. Хусусан, Президент Кучмадан парламент ишончсизлик билдирган Виктор Янукович рахбарлигидаги ҳукуматни тарқатиб юборишни, Марказий сайлов комиссияси аъзоларини ишдан бўшатиб, янги комиссияни тузишни сўрашган эди.
Президент Кучма ҳукуматнинг душанба кунги мажлисида Конституцияга тегишли ўзгаришлар киритилганидан сўнггина, мухолифат талабини амалга ошириш учун қонуний замин пайдо бўлади, деб айтди.
"Кўзда тутилаётган сиёсий ислоҳотлар, назаримда, мухолифат талаблари, шу жумладан, ҳукуматни тарқатиш талабига ҳам жавоб бўлади. Шундай хоҳиш бор экан, дастлаб Конституцияга ўзгартиш киритайлик. Ана ундан сўнг шу ўзгаришлар асносида янги ҳукумат тузилади", - деди Леонид Кучма.

Душанба куни Софияда бошланган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти даражасидаги махсус мажлисида ҳам Украинада юзага келган сиёсий вазият мухокама этилмоқда.
ЕХҲТ матбуот вакили Ричард Мэрфи, 26 декабр кунги Украинада қайта ўтказиладиган иккинчи давра сайловларини кузатиш учун ЕХҲТ катта делегацияни юборишини маълум қилди.
Шу ўринда, кузатувчилар Украинадаги воқеалар нафақат нодемократик ҳукуматлар кучли бўлиб қолаётган пост-Совет маконидаги давлатлар, балки ЕХҲТ каби, сайлов жараёнларини кузатиб борувчи халқаро ташкилотлар учун ҳам сабоқ бўлишига умид қилмоқда. Чунки, шу пайтгача, кўпгина ташкилотлар пост-совет давлатларидаги сайлов жараёнларига дипломатик муносабат билдириб келган.
XS
SM
MD
LG