Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:28

Самарқандда Интернет фестивали


Дилнаво Самарқандда илк бор Интернет фестивали ўтказилмоқда. Худди шундай тадбир бундан илгари Тошкент ва Бухорода ҳам ўтказилган эди. Самарқанд Интернет фестивалида фақат мазкур шаҳарга алоқадор сайтлар иштирок этади.

Самарқанд Интернет фестивали ташкилотчиларидан бири бўлмиш Интернетни ўқитиш ва тадбиқ қилиш маркази маъмури Эмина Собитова сўзларига қараганда, ушбу тадбир айнан Самарқанд миқёсида ўтказилади. Ундан кўзланган мақсад Интернет тармоғида Самарқанд ҳақидаги ресурсларни кўпайтиришдир. Унда қатнашиш истагида бўлганлар http//festival.freenet.uz сайти орқали ўз аризаларини жўнатиши мумкин. Аризаларни қабул қилиш 13 декабрга қадар давом этади. 15 декабрда эса ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилади.

Самарқандда янги технологиялар ва Интернетни оммалаштириш мақсадида фестиваль ўтказиш ташаббуси “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Самарқанд шаҳри бўлимидан чиққан. Мазкур бўлим раиси ўринбосари Бахтиёр Ботировнинг таъкидлашича, фестивалда 9 номинация бўйича ғолиблар аниқланади. Фестиваль шаҳар ҳокимлиги ва прокуратураси кўмагида ташкил этилган. Уни ўтказишда ўрта махсус ўқув юртлари бошқармаси, Самарқандда янги технологиялар соҳасида фаолият юргизаётган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда. Шу кунгача фестивалда қатнашиш истагида 200 га яқин ариза келиб тушган. Улардан 30 дан ортиғи, яъни Самарқандга алоқадор сайтлар тадбирда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган.

Б.Ботировнинг билдиришича, фестиваль сайтидаги форум орқали иштирокчилар иши қандай баҳоланаётганини кузатиб бориш мумкин. Ҳакамлар ҳайъати танловга тақдим этилган сайтни ўрганиб чиққунга қадар форум қатнашчилари ҳам баҳолашда иштирок этиш имкониятига эга.
XS
SM
MD
LG