Линклар

Мустақил маҳаллий кузатувчилар рўйхатга олинмаётир


Хабарларга қараганда, Наманган вилоятида сайлов комиссиялари айрим халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилган маҳаллий кузатувчилар гуруҳларини рўйхатга олишни пайсалга солмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида Наманганда ташкил этилган “Маҳаллий кузатувчилар лигаси” ташаббус гуруҳи раҳбари Василия Шафееванинг сўзларига кўра, ташкилотда ўн киши фаолият кўрсатади. Лига фаоллари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Фридрих Эберт жамғармаси томонидан ташкил этилган ўқув машғулотларида иштирок этган. Айни пайтда лига аъзолари сиёсий партиялар, ташаббус гуруҳлари ва оммавий ахборот воситаларидаги сайловолди кампанияси мониторингини ўтказяпти.

В.Шафееванинг таъкидлашича, лига аъзолари сайловда кузатувчи сифатида иштирок этиш ниятида вилоят адлия бошқармасига ҳужжатлар топширган. Лекин бошқарма лига кузатувчи мақомини олиши учун 65 минг сўм миқдорида маблағ тўлаши лозимлигини рўкач қилиб, рўйхатга олишни рад этган.

Наманган вилояти сайлов комиссияси раиси Солижон Нодировнинг сўзларига кўра, сайловда қатнашмоқчи бўлган хорижлик кузатувчилар Марказий сайлов комиссияси, маҳаллий кузатувчилар эса жойлардаги сайлов комиссиялари томонидан рўйхатга олинади. Ўзбекистон қонунчилиги кузатувчиларга кенг имконият яратиб беради.

Фарғона водийсидаги учта вилоят сайлов комиссияларидан олинган маълумотларга кўра, ҳали бу вилоятларга хориждан бирорта кузатувчи келгани йўқ.
XS
SM
MD
LG