Линклар

Пикетчилар Тони Блэрга мурожаатнома йўллади


Тўлқин 7 декабрь куни Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси биноси мухолифатдаги партиялар аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мардикор аёллардан иборат тахминан 50 фуқаро томонидан пикет қилинди.

Пикетда ўзини Ўзбекистоннинг демократик жамоатчилиги деб атаган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аъзолари, “Озод деҳқонлар” ва “Эрк” партиялари вакиллари Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг Тошкентга қайтарилишини талаб қилди.

Улар томонидан Буюк Британия Бош вазири Тони Блэр номига битилган мурожаатномада қуйидаги сўзлар бор:

“Жаноб Блэр, Ўзбекистон демократик жамоатчилиги Крэйг Мюррейни ҳақиқий дипломат, демократия жонкуяри, Бирлашган Қироллик манфаатларининг ҳимоячиси ва содиқ фуқаро сифатида билади. Шунингдек, у ўзбек халқининг катта ва ҳақиқий дўстидир.

Ҳурматли Бош вазир, Ўзбекистон демократик жамоатчилиги жаноб Крейг Мюррейнинг элчи мақомида Ўзбекистонга қайтарилишини талаб қилади”.

Пикетда Тошкент вилояти туманларидан келган мардикор аёллар ҳам иштирок этди. Улар аслида К.Мюррей тарафдорларини қўллаб-қувватлаш учун пикетга чиққани, лекин асосий талаблари ўзларига иш жойлари яратилиши эканини билдирди.

Пикет ташкилотчиларининг таъкидлашича, норозилик акциясида 40 нафар мардикор аёл иштирок этиши керак эди. Лекин уларнинг йигирмадан ортиғи акция пайтида ва ундан кейин милиция ходимлари томонидан ушланиб, Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармасига олиб кетилган.

Пикетда яқинда ташкил этилган Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти вакиллари ҳам қатнашди. Ташкилот таъсисчиларидан бири Юсуф Расуловнинг айтишича, К.Мюррей Ўзбекистон матбуотининг аҳволи ҳақида очиқ фикр билдирган биринчи чет эл дипломати эди.

Элчихона вакиллари “Ўзбекистон демократик жамоатчилиги томонидан” Буюк Британия Бош вазири Тони Блэр номига ёзилган мурожаатини қабул қилиб олди.

Элчихона ходимаси Дилдора Нишонованинг маълум қилишича, мурожаатнома инглиз тилига таржима қилиниб, Лондонга - Бош вазир Т.Блэр ва К.Мюррейга етказилади.

Яна бир хабарга кўра, 7 декабрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов бошчилигида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Жиззах вилояти ҳокимлиги биноси олдида пикет ўтказишни режалаштирган эди. Аммо маҳаллий ҳокимият норозилик акцияси ўтказилишига рухсат бермаган.
XS
SM
MD
LG