Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:07

Хоразмда бировнинг молхонасида яшаётганлар бор


Хоразм вилояти Гурлан туманидаги Олға қишлоғилик 44 ёшли Омонжон Болтабоева турмуш ўртоғи билан ажрашгандан кейин айни пайтда икки фарзанди билан бировнинг молхонасида яшамоқда.

О.Болтабоеванинг сўзларига қараганда, у турмуш ўртоғи билан ажрашгач, бошпанасиз қолган. Ўзига уй қуриш учун пули етмаётир. Писта сотиб, тирикчилик қилади. Ҳозир икки боласи ҳам шамоллаб қолган. Уларни даволатишга маблағи йўқ.

Олға қишлоқ фуқаролар йиғини маълумотларига кўра, қишлоқда 10 мингга яқин аҳоли яшайди. Уларнинг асосий қисми деҳқончилик орқасидан кун кўради. Қишлоқда 3 та мактаб, учта болалар боғчаси бор.

Фуқаролар йиғини раиси Илҳом Бозорбоевнинг таъкидлашича, қишлоқ аҳлининг яшаш шароити ёмон эмас. Чунки улар шахсий томорқаларидан йилига икки марта ҳосил олади.

Аммо қишлоқ аҳли раиснинг айтганларини тасдиқламади. Шу ерда яшовчи Ҳайитбой Ҳожиевнинг билдиришича, 15 йилдан буён пудрат асосида ишлайди. Бироқ сўнгги йилларда умуман иш ҳақи олгани йўқ. Қишлоқда кўпчилик ишсизлик туфайли ижтимоий ночор аҳволга тушиб қолган.

Маълум бўлишича, қишлоқдаги учта боғчадан атиги биттаси ишлайди. 90 ўринли “Баҳор” болар боғчасида эса саноқли бола бор.

Боғча тарбиячиси Оймонжон Раҳимова грипп тарқалгани сабабли боғчада болалар сони камлигини билдирди.

“Озодлик” мухбири боғчада бўлганида болалар тушлик қилаётган эди. Бироқ болаларга берилаётган мошхўрдада бирорта гўшт кўринмайди. Боғчадаги шароит билан таниша туриб, бу ерда бирорта ёстиқ йўқлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

“Болалар ҳозирча ёстиқсиз ухлайди. Яқинда бошқа боғчадаги ортиқча ёстиқлар олиб келинади”, деди тарбиячи.

Ҳайитбой Ҳожиевнинг билдиришича, олғаликлар қишлоқдаги муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилган. Бироқ бундан ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ. Бунинг ўрнига шикоят ётган шахсларга турли тазйиқлар ўтказилади.

2 фарзанди билан молхонада яшаётган О.Болтабоеванинг маълум қилишича, иқтисодий муаммолардан қийналган пайтларида раҳбарларга бориб рухсат сўраса: “Пул ишлаш учун Россияга кет”, деган жавобни олади.
XS
SM
MD
LG