Линклар

Конституция ҳақида мулоҳазалар


Саида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганига 12 йил тўлиши муносабати билан “Озодлик” мухбири мутахассислар, оддий фуқаролар ва кузатувчиларнинг бу ҳақдаги фикрларини ўрганишга ҳаракат қилди.

Хуқуқшунос Сурайё Абдуҳамидованинг сўзларига қараганда, жамият ва фуқаролар ҳаётида Конституциясида белгиланган ҳуқуқларнинг барчаси таъминланмоқда. Сўнгги йилларда тергов органлари томонидан фуқароларни қийноққа солиш ҳолатларига барҳам берилгани уларнинг конституциявий ҳуқуқи таъминланаётгани билан изоҳланади.

Ҳуқуқшуноснинг таъкидлашича, Конституциянинг 37-бандида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, адолатли меҳнат шароитида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Бу банд ҳам ҳаётда таъминланмоқда. Жойларда меҳнат биржалари ташкил этилган.

Хўш, фуқароларнинг ўзлари конституциявий ҳуқуқлари таъминланиши борасида нима дейди?

Айни пайтда нафақада бўлган ўқитувчининг айтишича, кўпчилик ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, бироқ улардан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас. Кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқи паймол этилиши ҳолатларини ҳар қадамда учратиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, оддий халқ Конституция доирасида ҳимояланмаган.

Ўзини Носиржон деб таништирган суҳбатдош илгари Фарғона водийсидаги мактаблардан бирида меҳнат таълими ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Оилани боқиш ташвишида ўз ишини ташлашга мажбур бўлган. Айни пайтда мардикорлик қилади.

“Бизнинг ҳуқуқларимиз кўп ҳолларда ички ишлар органлари ходимлари томонидан бузилади. Тошкентда милиционерлар ушлаб олиб, паспорт текширади. Яшаш жойимизда қайддан ўтган бўлсакда, Тошкентда қайд йўқлиги учун жаримага тортади”, - деди суҳбатдош.

Кўпгина суҳбатдошлар мамлакатда фуқароларнинг меҳнат қилиш, бепул таълим олиш каби ҳуқуқлари мунтазам бузилишини билдирди. Уларнинг айтишича, болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари одатий ҳолдир.
XS
SM
MD
LG