Линклар

Жамоатчилик назорати амалдорни “қутуриш”дан асрайди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакат Конституциясининг 12 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида жойларда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида тўхталди.

Президентнинг таъкидлашича, ҳокимият ва бошқарув идораларида ўтирган баъзи шахсларнинг ўзлари қонун талабларига риоя қилиш ўрнига қонунни қўпол равишда бузади. Ўз манфаатини кўзлаб, вазифасини суиистеъмол қилади. Жамоатчилик ва фуқаролик назорати бошқарув органларида юз бериши мумкин бўлган қонунбузарликларга қарши курашнинг энг таъсирчан йўлидир. Бунинг учун, аввало, депутатлар фаол бўлиши керак.

“Биринчи навбатда, ислоҳотларнинг қандай бораётгани, лавозимда ўтирган одамларнинг қутуриб кетишига, оёғи ердан узилишига йўл қўймаслик керак”, - деди Президент.

И.Каримовнинг сўзларига қараганда, агар жойларда жамоатчилик ва фуқаролик назорати ўрнатилса, депутатлар фаоллиги ошса, Президентнинг вилоятларга комиссиялар юбориб, ҳокимликлар фаолиятини текширишига ҳожат қолмайди.

“Эътибор беринг, бу йил еттита энг йирик вилоятда ҳокимлар алмаштирилди. Ким қилди буни? Нима учун бунақа ўзгаришларнинг ташаббускори фақат Президент бўлиши керак? Нима учун биз оқни оқ, қорани қора, деб айтмаймиз? Раҳбар бир-икки йил ишлайди. Шундан кейин у қаердан чиққанини унутади”, - деди Ўзбекистон раҳбари.

Президент жойлардаги камчилик, хато ва нуқсонлар вилоят сессияларида очиб ташланаётгани, бу ҳақда хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тарқалаётган танқидий фикрлар холис бўлиши кераклигини таъкидлади.

“Ўзбек халқини ҳурматлаган ҳолда танқид қилса, бош устига. Бундай танқид бизга ёрдам беради. Лекин танқид холисона бўлиши керак”, - деди Ислом Каримов.

Мустақил кузатувчи Шуҳрат Аҳмаджоновнинг фикрича, жойларда жамоатчилик ва фуқаролик назорати ўрнатиш яхши иш. Президент эса ҳокимларни ўзи тайинлаб, улар ишдан олингандан кейин кескин танқид қилади. Президент нима бўлганда ҳам халқдан ақлли бўла олмайди. Халқ ҳокимнинг қандай одамлигини давлат бошлиғидан кўра яхшироқ билади. Шунинг учун агар ҳокимни халқ сайласа, у аҳоли манфаати билан ҳисоблашишга мажбур бўлади. Акс ҳолда Президент томонидан ҳоким алмаштиришлардан яхши натижа чиқмайди.
XS
SM
MD
LG