Линклар

logo-print

“Туркманча қурбонлик” — яна бир туркман элчиси қувғинда

  • Барно Анвар

“Туркманча қурбонлик” сарлавҳаси билан жаҳон оммавий ахборот воситаларида босилаётган мақолада яна бир туркман элчисининг қувғинга дучор қилингани айтилмоқда. Бу Туркманистоннинг Белгия қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ниёзқилич Нурқиличевдир. 29 ноябр куни Туркманбоши Сапармурод Ниёзов уни лавозимидан озод қилди ва айни вақтда дипломатлик мақоми, шу вақтгача олган барча мукофотларидан ҳам маҳрум қилиш тўғрисида фармон чиқарди. Хўш, навбатдаги туркман элчисининг бу кўйга солинишига сабаб нима бўлди? Мавзу тафсилотлари ҳамкасбимиз Нодира лавҳасида.

Туркманистонинг Белгия қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчисини ўз лавозимидан озод этиш сабаби расман “иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун” дея изоҳланди. Аммо турли манбаларда туркман элчиси Ниёзқилич Нурқиличевнинг бу кўйга солинишининг асл сабаби бошқа, деган фикр таъкидланмоқда.

Жумладан, “Независимая газета”нинг ёзишича, Нурқиличев БМТ Бош ассамблеясида “Туркманистонда инсон ҳуқуқларига доир вазият” тўғрисидаги резолюция қабул қилинишини тўхтата олмагани учун лавозимидан озод этилган. Шу йил 18 ноябр куни қабул қилинган бу резолюцияда Туркманистонда инсон ҳуқуқларининг мунтазам поймол этилишидан чуқур хавотир билдирилган эди.

Бошқа манба, жумладан, “Немис тўлқини” радиоси орқали берилган хабарда эса элчи Нурқиличев бундан, чамаси, бир ҳафта муқаддам ўз ихтиёрига кўра лавозимини тарк этиш ва Ғарбда қолишга қарор қилганини билдирган. Шу боис уни зудлик билан ишдан бўшатиб, барча мукофот ва унвонларидан айиришган.

Худди шундай ҳозирда элчи Ниёзқилич Нурқиличевнинг қаерда эканлиги ҳам ноаниқ. Айрим манабалар ҳозир у Ашхабодда — уй қамоғида, деб ёзса, айримларида у Туркманистонда эмас Берлинда, деган тахмин билдирилмоқда.

Аммо, кузатувчилар масаланинг бошқа бир жиҳатига кўпроқ эътибор қаратмоқдалар. Президент фармони билан лавозимидан бўшатилгани устига дипломатлик мақоми ва барча давлат мукофотларидан ҳам маҳрум этилган Ниёзқилич Нурқиличов президент Ниёзов билан анча қалин муносабатда эди. У узоқ йиллар давомида ҳукуматнинг нуфузли вакили ҳисобланган. Совет ҳукуматининг охирги йилларида президент кенгаши аъзоси, Туркман ҳукумати раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган. 1991 йилда Туркманистонинг Россиядаги доимий вакили, 1992 йилдан Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлган. Белгияда эса 1997 йилдан буён элчи бўлиб ишлаб келаётган эди.

Туркманистон собиқ Ташқи ишлар вазири Абди Қулиев фикрича, Ниёзқилич Нурқиличев Сапармурод Ниёзовнинг шахсига сиғиниш сиёсати ўрнатилишида жонбозлик кўрсатган амалдорлардан бири эди.

“Ниёзовнинг суратини ўз хонасига биринчи бўлиб илган амалдор Нурқиличов бўлади. Ўша куни унинг қанчалик қувонганига мен шахсан гувоҳ бўлганман. Улар ўртасидаги муносабатлар нега бузилганини мен аниқ билмайман. Бироқ тахминимча, Нурқиличов тўғрисида ҳар хил гап-сўзларни етказиб, уни президентга ёмон кўрсатишган”.

Туркманистоннинг Исроил ва Туркиядаги собиқ элчиси, бугун эса мухолифат етакчиларидан бири Нурмуҳаммад Ханамов ҳам, Нурқиличов Сапармурод Ниёзовнинг жуда яқин одами бўлганини тасдиқлайди. Шу боис у Ниёзов ёқтирмаган бирорта одамга яқинлашмас, телефон суҳбатлардан ҳам ўзини олиб қочар эди, дейди Нурмуҳаммад Ханамов. Унинг фикрича, Нурқиличов тақдири Ниёзовнинг бора-бора ўзига шунчалик яқин ва содиқ одамларга ҳам ишончсизлик билан қарай бошлаганини кўрсатади.

“Аввал Сапармурод Ниёзов билан жуда қалин бўлган давлат арбоблари, вице-президентлар, вазирларнинг қанчаси ҳозир ҳибсда, қанчаси муҳожирликда юрибди. Ниёзов бора-бора ўз яқинларига ҳам ишонмай қўйди. Бу кетишда унинг теграсидагилар ҳали қай кўйга солиниши мумкинлигини тасаввур қилиш ҳам қийин”.

Ҳозирда Берлинда мухожиратда бўлган собиқ элчи Чори Ишониёзов фикрича, Сапармурод Ниёзовнинг бир одамга нисбатан ихлоси узоққа бормайди. Қандайдир фурсат келганда, у бирдан ҳамма нарсадан шубҳалана бошлайди ва бир пасда ўз яқинини ҳам душманга чиқариб қўяди, дейди Чори Ишониёзов.

“Шундай пайтларда у исталган одамнинг ўтмишдаги яхши ишлари, унинг учун қилган хизматларидан бутунлай кўз юмади. Бир пасда уни душманга чиқариб, энг кескин чораларни кўради. Назаримда, бу унинг руҳиятида мунтазам кечадиган жараён”.

Аксарият кўпчилик билдираётган тахмин шу мазмунда бўлмоқда. Аммо, шу билан ўнинчи туркман элчисининг лавозимидан бўшаб, ҳукумат ғазабига учрашига асл сабаб нима ва у ҳозир қаерда, деган саволга Озодлик мухбири Туркманистондаги бирорта расмий идорадан жавоб ололмади.
XS
SM
MD
LG