Линклар

Буэнос Аэресда иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.

  • Ҳасанжон

1997 йилда дунё раҳбарлари Япониянинг Киото шаҳрида иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган шартнома имзолаган эди. Иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган зарарли газларнинг камида 55 фоизини атмосферага чиқараётган давлатлар бу ҳужжатни ратификация қилганидан кейин у қонун кучига кириши керак. Дунё бўйича зарарли газларнинг 25 фоизини АҚШ, 17 фоизини эса Россия атмосферага чиқармоқда. Аммо АҚШ Президенти Жорж Буш маъмурияти Киото шартномасига қўшилишдан бош тортиб келмоқда. Россия октябр ойида Киото протоколини ратификация қилди. Бу эса Киото протоколи келаси йил феврал ойидан бошлаб амалга тадбиқ этилишига имкон яратди. БМТнинг Иқлим ўзгариши олдини олиш конвенцияси ташаббуси билан 6 декабр куни Аргентина пойтахти Беэнос Аэрес шаҳрида бошланган халқаро анжуманда айни шу масаладаги вазият муҳокама этилмоқда.

БМТнинг Иқлим ўзгариши олдини олишга қаратилган конвенцияси қабул қилинганига 10 йил тўлди. Ҳужжатни имзолаган давлат вакиллари ҳар йили ўзаро учрашиб глобал илиқлашув муаммоларини муҳокама қиладилар.

Душанба куни Буэнос Аэрес шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши олдини олиш конвенциясининг 10-йиллик анжумани иш бошлади. Унда дунёнинг 194 давлатидан келган олти мингга яқин делегат иштирок этмоқда.

Ўн икки кун давом этадиган мазкур анжуманда минглаб атроф-муҳит ҳимоячилари, давлат арбоблари, сиёсатчи ва олимлар қатнашмоқда.

БМТнинг Иқлим ўзгариши олдини олиш конвенцияси котибияти вакили Норма Варкнернинг Озодлик радиосига айтишича:

”Конвенциядан кўзланган мақсад, иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган зарарли газлар атмосферага чиқарилишини камайтириш. Анжуман давомида конвенцияни имзолаган давлат вакиллари музокараларида уни амалга тадбиқ этиш йўл-йўриқлари муҳокама этилади“.

Бундан ташқари, анжуман қатнашчилари атмосферани энг кўп ифлослантираётган АҚШни Киото протоколига қўшилишга даъват этиш ниятида. Гринпис халқаро ташкилотининг Аргентина бўлими бошлиғи Хуан Карлос Виллалонга журналистлар билан суҳбатда, АҚШ иштирокисиз иқлим ўзгариши жараёнини тўхтатишга уриниш мантиқсиз, деган фикр билдирди.

Ҳозиргача ривожланган давлатлардан фақат АҚШ ва Австралия Киото протоколига қўшилишдан бош тортмоқда. Атмосферага чиқарилаётган зарарли газларнинг учдан бир қисми айнан шу икки давлат хиссасига тўғри келаётгани боис, уларнинг Киото протоколига қўшилиши жуда муҳим.

Буэнос Аэрес анжуманида қатнашаётган АҚШ делегациясига АҚШ Давлат котиби ўринбосари Паула Добрянский раҳбарлик қилмоқда. Анжуман давомида у атроф-муҳитга жуда кам зарар етказган ҳолда энергия ишлаб чиқарувчи технологияларни яратиш устида АҚШда олиб борилаётган илмий изланишлар ҳақида маълумот беришни режалаган.

Киото шартномаси тарафдорлари Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия каби давлатларни ҳам жалб этмай туриб глобал иқлим исиши жараёнини тўхтатиш қийин, демоқдалар. Чунки ҳозирда Хитой дунёдаги йирик иқтисодиётга эга мамлакатга айланди ва ҳавони ифлослантиришда АҚШдан кейинги ўринда турибди. Аммо Хитойда атмосферага чиқарилаётган зарарли газ ҳажми аҳолиси жон бошига ҳисобланса жуда кам миқдорни ташкил этади.

Буэнос Аэрес анжуманининг амалий натижаси қандай бўлади, деган саволга Иқлим ўзгариши олдини олиш конвенцияси котибияти вакили Норма Варкнер:

”Анжуман ниҳоясида иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган Буэнос Аэрес декларацияси ёки шу каби бошқа ҳужжат қабул қилиниши мумкин. Бу асосан анжуман қатнашчилари олиб борадиган музокараларга боғлиқ“ - дея жавоб берди.
XS
SM
MD
LG