Линклар

Ироқ Бош вазирининг сайловлар ҳақидаги таклифи

  • Ҳасанжон

Ироқ Бош вазири Ийяд Аллавий 30 январга белгиланган сайловларни мамлакат вилоятларида уч ҳафта давомида ўтказиш керак, деган фикр билдирди. Ироқ Ички ишлар вазирлиги унинг бу таклифини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Ҳамкасбим Ҳасанжон билан суҳбат ана шу мавзуда бўлади.

К.Б.:Ҳасанжон, Ироқ Бош вазири бундай таклиф билан чиқишининг сабаби нимада? Сайловларни бир кунда ўтказиш Ироқ ҳукумати учун осон эмасми?

Ҳ.: Ҳурмат. Ироқда исёнчилар АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари ва Ироқ полициясига қарши ҳар куни ўнлаб ҳужум уюштираётгани, бунинг оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳам нобуд бўлаётганидан ҳамманинг хабари бор.

Исёнчилар 30 январга белгиланган сайловларни барбод қилиши ҳақида бир неча марта очиқдан-очиқ баёнот берган. Агар сайловлар пайтида ҳужум уюштирилса, бундан асосан тинч аҳоли азият чекиши турган гап.

Шу сабабли, таҳлилчилар фикрича, Ироқ Бош вазири Ийяд Аллавий сайловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун ҳукумат сайловларни уч ҳафта давомида ўтказиш масаласи кўриб чиқиши мумкин, деган.

Ироқликлар хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган Ироқ Ички ишлар вазирлиги чоршанба куни Бош вазир таклифини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Сабоҳ Хазмийга кўра, агар сайловлар Бош вазир таклиф этган тартибда ўтказилса, сайловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқ-тартибот органлари учун ҳам осонроқ бўлади.

К.Б.: Ироқда ўтадиган сайлов жараёнига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарорни фақат Ироқнинг Марказий сайлов комиссияси қабул қилиш ҳуқуқига эга. Бош вазир Аллавий таклифига сайлов комиссияси қандай муносабат билдирди?

Ҳ.: Аллавий ўз таклифини биринчи марта Белгияда чиқадиган “Ле Суа” газетаси мухбирига берган интервьюсида: ”Ироқ ҳукумати таҳдидни камайтириш учун ва сайлов участкаларини яхшироқ ҳимоя қилиш учун сайловларни уч ҳафта давомида ўтказиш масаласини кўриб чиқиши мумкин” – дея оммага ошкор қилди. Лекин у ўз таклифини Ироқ марказий сайлов комиссиясига расман тақдим этгани йўқ. Шу сабабли ҳозирча Марказий сайлов комиссияси бу таклифга ўз муносабатини билдирмади.

К.Б.:Ҳасанжон, умуман Ироқда сайловлар ўтказилишига халқаро ҳамжамият қандай муносабатда?

Ҳ.: Дунёнинг аксарият давлатлари Ироқ янги ҳукумати таркибини белгилайдиган ва мамлакат янги конституциясини ишлаб чиқадиган 275 ўринли Ироқ парламентига сайловлар ўтказилишини қўллаб-қувватламоқда.

Хусусан ироқликларни Саддам Ҳусайн режимидан озод этиш даъвоси билан Ироқда уруш бошлаган АҚШ Президенти Жорж Буш душанба куни Вашингтонда Ироқ муваққат ҳукумати раҳбари Ғози Ал-Явар билан учрашганидан кейин журналистларга:

“Сайлов участкалари хавфсизлигини таъминлаш учун биз ироқликлар билан бирга қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Сайлов жараёни хавфсизлигини таъминлашда ёрдам бериш учун АҚШ қўмондонлари қўшимча кучлар жўнатилишини сўради”, - деди АҚШ раҳбари.

“Вашингтон Пост” газетасининг ёзишича, Ғози Ал-Явар Эрон ҳукуматини Ироқдаги сиёсий жараёнларга аралашаётганликда, шиа номзодларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ сарфлаётганликда айблаган. Ироқ Президенти фикрича, бу минтақадаги геосиёсий барқарорликка салбий таъсир этиши мумкин.

Айни пайтда, Ироқда сайловлар нормал ўтишига шубҳа билан қараётганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Россия Президенти Владимир Путин сешанба куни Кремлда Ироқ Бош вазири Ийяд Аллавий билан учрашганида:

“Ростини айтсам, мен мамлакат хорижлик аскарлар томонидан тўлиқ босиб олинган пайтида қандай қилиб сайловларни ташкил этиш мумкинлигини тасаввур қила олмайман ”, - дея Ироқдаги сайловлар ғоясини савол остига олди.

К.Б.: Раҳмат Ҳасанжон.
XS
SM
MD
LG