Линклар

ЮСАИД дастурининг иккинчи босқичи бошланди

  • Садриддин Ашур

9 декабрь куни Тошкентда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги – ЮСАИД томонидан Фуқаролар манфаатларини қўллаб-қувватлаш дастурининг иккинчи босқичи бошланишига бағишланган анжуман ўтказилди.

ЮСАИДнинг мазкур дастуридан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда демократик маданиятни юксалтириш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар бўйича мақсадли гуруҳлар тайёрлашдир. Дастурнинг биринчи босқичи икки йил давомида амалга оширилди. Унинг иккинчи босқичида фуқаролар манфаатларини қўллаб-қувватлаш бўйича тренинглар ўтказиш ва маҳаллий ташкилотларга (нафақат нодавлат нотижорат, балки профессионал ташкилотларга ҳам) техник ёрдам кўрсатиш давом эттирилади.

Анжуманда иштирок этган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Пурнеллнинг сўзларига қараганда, мамлакатда фуқаролар нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) ҳукумат билан рақобат қилиш учун ишламаётганини яхши тушуниб бормоқда. Уларнинг фаолияти ҳукуматга қаршилик эмас, балки соғлом ҳамкорликдир.

Хўш, ҳукумат ННТ кўтариб чиқаётган муаммоларга эътибор қаратяптими?

“Тадбиркор аёл” уюшмаси аъзоси Саида Токтаеванинг таъкидлашича, илгари тадбиркорлар сертификат олишда бир қанча қийинликларга дуч келар ва кўп харажат қиларди. Бу ҳақда “Тадбиркор аёл” “Ўзстандарт” агентлигига мурожаат қилган. Шундан кейин жорий йил 6 июлда ҳукумат маҳсулотлар сертификацияси жараёнини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарор қабул қилган. Ушбу қарорда “Тадбиркор аёл” киритган таклифларнинг 80 фоизи инобатга олинган.

Анжуманда ННТ вакилларининг мамлакатда ишсизлик, таълим, атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги муаммолар юзасидан олиб борган тадқиқотлари хусусида ҳам сўз борди.

“Орол ва Амударёни ҳимоя қилиш иттифоқи” ташкилоти раиси Юсуф Камоловнинг айтишича, Амударёнинг қуйи оқимидаги сув ниҳоятда ифлосланган. Чунки экинзорларнинг оқова сувлари, корхоналардан чиқаётган ифлос сувлар дарёга ташланмоқда. Ҳозир дарё сувининг ҳар бир литрида фенолом, мис, хром миқдори 4 баробар, нефть маҳсулотлари 5 баробар ва пестицидлар 10 баравар кўпайган. Айни пайтда Амударёга 10 куб километр оқова сув қуйилади. Қорақалпоғистонда эса бу сув ерларни суғоришга ва ичишга ишлатилади.

Самарқанд шаҳрида таълим ва аёллар муаммолари билан шуғулланувчи ННТ вакилласи Саодат Очилованинг таъкидлашича, аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигида жуда катта муаммолар бор. Жамиятдаги зўравонлик масаласига эътибор қаратилмаётир. Ҳукумат бу муаммога бефарқ қолмоқда. ННТлар эса халқаро ташкилотлар грантлари асосида зўравонликка қарши курашишга ҳаракат қиляпти.

“Бойсун” ҳунармандлик уюшмаси раисаси Нодира Равшанованинг билдиришича, Бойсун туманида ишсизлик энг асосий муаммолардан биридир. Тумандаги ишга яроқли эркакларнинг катта қисми Россия, Қозоғистон ва Жанубий Кореяга иш излаб кетмоқда.
XS
SM
MD
LG