Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:01

Ўзбекистон – коррупция энг ривожланган давлатлар қаторида


Тўлқин 9 декабрь – Коррупцияга қарши кураш халқаро куни. Transparency International халқаро ташкилотининг яқинда эълон қилинган индексида МДҲ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон дунёдаги энг коррупциялашган давлатлар қаторидан жой олган.

Transparency International ташкилотининг Олмаотадаги ваколатхонаси ходими Сергей Златников сўзларига қараганда, Тошкентда ташкилот ваколатхонаси йўқлиги боис, Ўзбекистондаги коррупция билан боғлиқ вазият хусусидаги маълумотлар етарли эмас. Шунга қарамай, халқаро экспертлар Ўзбекистонда коррупция Қозоғистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатларидан кўра чуқур илдиз отган, деб ҳисоблайди. Қозоғистон ва Озарбойжонда коррупция даражаси юқорилигининг илдизи нефть қазиб олиш соҳасига катта миқдорда сармоя жалб этилганига бориб тақалади. Ўзбекистонда эса жамият ёпиқ ва мамлакатда бу ҳақда гапириш маън этилган. Маълумотлар етарли бўлмагани сабабли Transparency International индексида Ўзбекистондаги коррупциялашув даражаси Қозоғистондагидан юқори этиб белгиланган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган ўзбекистонликларнинг деярли барчаси мамлакат коррупция ботқоғига ботганини таъкидлади. Уларнинг айтишича, барча соҳаларда, жумладан, савдо, банк, ички ишлар, солиқ, божхона, таълим каби соҳаларда кучли коррупция мавжуд.

“Халқаро инқироз гуруҳи” ташкилоти ҳам дунё миқёсида коррупциялашув даражасини ўрганиш билан шуғулланади. Ташкилотнинг Душанбедаги ваколатхонаси ходими, халқаро эксперт Майкл Ҳоффнинг билдиришича, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё фуқаролари ҳар куни коррупция билан юзма-юз бўлади.

М.Ҳофф ҳам Марказий Осиё давлатларида коррупциялашув даражасини нисбатан юқори баҳолади. Унинг фикрича, Ўзбекистонда коррупция давлатга, ҳукуматга муқобил тизимга айланган. Ҳукуматдагилар бу ҳолатнинг сақланиб қолишидан манфаатдор. Шунинг учун мазкур муаммони ҳал қилиш жуда қийин. Мамлакатда мустақил ижтимоий институтлар ривожланмаган. Барча масалалар шахсий алоқалар ёки ноқонуний йўллар воситасида ҳал этилади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова Ўзбекистон энг коррупциялашган давлат, деган фикрга қўшилмаслигини билдирди.

“Коррупция ҳар бир давлатда, у хоҳ юксак ривожланган, хоҳ ривожланаётган бўлсин, хос. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу муаммо бор. Мамлакатда бу иллатга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли бўлимлари ташкил этилган. Хусусан, Бош прокуратура тизимида ҳам иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси мавжуд. Мазкур бошқарма у ёки бу тизимда аниқланган қонунбузарликлар устида ишламоқда”, - деди С.Ортиқова.
XS
SM
MD
LG