Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:09

Нутқ маданиятини асраб қолинг!


Саида Ўзбек кино ва театр санъатида адабий тил меъёрларига амал қилмаслик, нутқ маданиятини бузиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани кўпчилик тилшунослар ва соҳа мутахассисларининг ҳақли эътирозига сабаб бўляпти.

Профессор Лола Хўжаеванинг сўзларига қараганда, кейинги пайтларда радио, телевидение, кино ва театрда нутқ маданиятига эътибор бермай қўйилди. Ижодкорларда, хусусан, ижодга эндигина кириб келган ёшларда нутқ маданиятига масъулият билан ёндашиш ҳисси йўқолиб боряпти. Ижодкорлар нутқида четдан кирган, ноўрин, шеваларга хос сўзлар тез-тез учрамоқда. Бу ҳолат ўзбек адабий тилига ҳурматсизлик натижасидир. Ижодкорлар ўртасида китобга меҳр сусаймоқда. Ваҳоланки, китоб ўқиш нутқ маданияти ривожлантиришда энг яхши восита ҳисобланади.

Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, СССР давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизовнинг таъкидлашича, ўзбек тили энг бой тиллар қаторида туради. Шунга қарамай, ҳатто Миллий театрда ҳам нутқ маданиятига риоя қилмаслик ҳолатлари кузатилади. Бу, аввало, актёрнинг ўз нутқи устида ишламаслиги натижасидир.

Журналист Гулчеҳра Умарова радио ва телевидение қатори кино ва театрда ҳам нутқ маданияти бузилиб бораётганини тилга ҳурматсизликнинг энг ёрқин намунаси сифатида баҳолади.

“Кино ва театрда шевачилик тез-тез кўзга ташланмоқда. Ҳар нарсанинг ҳам ўз меъёри бўлиши керак”, - деди журналист.
XS
SM
MD
LG