Линклар

Аёллар ҳуқуқлари қанчалик муҳофаза қилинган?


Феруза Ўзбекистон Конституциясида эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилган. Хўш, Конституцияда белгиланган бу ҳуқуқлар ҳаётда қанчалик ўз аксини топмоқда?

Тошкент шаҳри адвокатлар коллегияси раисаси Гулнора Эшонхонованинг сўзларига қараганда, аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқларини таъминлаш учун, аввало, уларнинг иқтисодий эркинлигига эришиш лозим. Чунки мамлакатда аёллар ҳуқуқларининг бузилиши ёки уларнинг мавжуд имкониятлардан эркаклар билан баробар фойдалана олмаслиги, аввало, хотин-қизларнинг эркакларга иқтисодий қарамлиги билан изоҳланади.

Г.Эшонхонованинг таъкидлашича, мардикор ва фоҳиша аёллар ҳуқуқларининг поймол этилиши ва доимий зўравонликларга учраши олдини олиш учун бу ҳолатларга олиб келадиган асл сабабларни ўрганиш лозим. Айрим ҳолларда нохуш ҳолатларга тушишга шундай аёлларнинг ўзлари сабабчи бўлади. Улар жамиятда муносиб ўрин олишга интилмасдан енгил ҳаёт тарзини танлайди.

Ўзбекистон хотин-қизлар ресурс маркази мутахассиси Дилором Пўлатованинг айтишича, мардикорлар, жумладан, аёлларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш мақсадида бир марталик иш билан таъминлаш марказлари ташкил этилган. Бироқ кўп ҳолларда мардикорлар бу марказларга мурожаат қилмайди.

“Сабо” аёллар ташкилоти ижрочи директори Неля Лебедованинг билдиришича, бу қатлам вакиллари ҳуқуқларини муҳофаза қиладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ҳокимият органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги алоқалар ривожланмаган. Баъзан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари фақат уларни айблаш, ушлаш керакдек иш юритади. Ҳолбуки, бу ходимлар вазифасига уларни ҳимоя қилиш ҳам киради. Бундан ташқари, мардикор аёллар ва фоҳишаларнинг аксарияти ҳуқуқий маълумотга эга эмас.

АҚШдаги Пи-Эс-Ай (Аҳолига хизмат кўрсатиш) ташкилотининг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчиси Индира Аҳмедованинг фикрича, ҳуқуқлари бузилган мардикор аёлларнинг ўзлари кўпинча маъмурий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган бўлади. Масалан, уларнинг паспорт тизимига риоя қилмаслик ҳолатлари кўп кузатилади. Шунинг учун улар ҳуқуқлари бузилгани юзасидан шикоят қилмайди.
XS
SM
MD
LG