Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:51

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан савдо айланмаси камайиб бормоқда


Саида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Чиналиев сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар сусайиб бораётганидан афсус билдирди.

10 декабрь куни Тошкентда элчи ўтказган матбуот анжуманида таъкидланишича, 2002 йилда икки қўшни давлат ўртасидаги савдо айланмаси 115 миллион долларни ташкил этган. 2003 йил якунига келиб эса бу кўрсаткич 65 миллионга тушган. Жорий йилнинг олти ойи давомида ўзаро савдо айланмаси 50 миллион доллар бўлган.

У.Чиналиев Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо айланмаси камайиб бориш сабабларига ҳам тўхталди.

“Ўзаро савдода маҳсулот турлари жуда чекланган. Ўзбекистондан Қирғизистонга газ ва нефть, минерал хомашёлар экспорт қилинади. Бу экспортнинг 69 фоизини табиий газ ташкил этади. Афсуски, бугунги кунда газ экспорти камайди. Чунки Ўзбекистон газининг (Қирғизистондаги) асосий истеъмолчиси электр станциялари эди. Бугунги кунда уларнинг қарзи 2 миллион 900 минг долларга етган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам етказиб берилган электр энергияси учун Қирғизистондан 2 миллион доллар қарздор”, - деди элчи.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги Шоҳимардон анклавини Қирғизистонга қайтариш хақида мазкур мамлакат расмийлари бир неча бор баёнот берди. Элчи бу масалада ҳам ўз фикрини билдирди.

“Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида чегаралар делимитацияси ва демаркацияси бўйича ҳукуматлараро махсус комиссия иш олиб боряпти. Мазкур комиссия йиғилиши жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган эди. Кейинги йиғилиш 2005 йил январь ойига мўлжалланган. Шоҳимардон масаласи шу комиссия иши доирасида кўриб чиқилади. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Шоҳимардон анклавининг Қирғизистонга тегишлилиги ҳақида ҳукумат томонидан юридик кучга эга баёнот берилмади”, - деди У.Чиналиев.

Элчининг сўзларига қараганда, бугунги кунда комиссия томонидан 1295 километрлик чегаранинг 1010 километри белгилаб олинган. Айни кунларда комиссия Шоҳимардон ва Сўх анклавлари масаласини ҳал қилиш устида иш олиб бормоқда. Бу борадаги барча масалалар ҳукуматлараро комиссия йиғилишларида маданий тарзда ҳал этилади.

Элчининг билдиришича, жорий йил 24 июлда имзоланган ҳукуматлараро келишувга кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида расман 14 та чегарадан ўтиш пункти ташкил этилади. Чегарани миналардан тозалаш масаласи ҳам ҳукуматлараро комиссия томонидан муҳокама қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG