Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:36

“Озод деҳқонлар” бекорчи амалдорларни ишдан ҳайдаган бўларди


Шайбон Ўзбекистондаги парламент сайловида расмий рўйхатдан ўтган бешта партия иштирок этади. Мухолифатдаги партиялар эса ҳар қанча ҳаракат қилган бўлса-да, бу ҳуқуқни қўлга кирита олмади.

Хўш, агар мухолифатдаги партиялар сайловда қатнашганида қандай таклифларни илгари сурган бўларди? Улар парламентдан ўрин олса, фаолияти нимага қаратилар эди?

“Озодлик” мухбири “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова билан суҳбат чоғида шу каби саволларга жавоб излади.

Мухбир: “Озод деҳқонлар” партияси сайловда қатнашиб, парламентдан жой олганда, биринчи галда қайси масалага жиддий эътибор қаратган бўларди?

Нигора Ҳидоятова: Ҳозирги шароитда ҳал қилиниши зарур бўлган масала ер ислоҳотларидир. Бу ўта муҳим ва оғриқли масала. У зудликда ҳал этилмаса, эртага ижтимоий портлашни юзага келтириши аниқ. Тўғри, Ўзбекистон шароитида бу масалани бир зумда ҳал қилиб бўлмайди. Фарғона водийсидаги ҳолат, айтайлик, Навоий вилоятидагидан жиддий фарқ қилади. Лекин уни ҳал қилса бўлади. Бу жараён, албатта, қийин кечади. Лекин масала ўз ечимини топмаса, унинг оқибатлари жуда ёмон бўлиши мумкин. Ер ислоҳоти, аввало, қишлоқлардан шаҳарларга иш излаб келаётган ёшлар оқимини кескин камайтиради. Чунки ер хусусийлаштирилгач, фермерлик ривожлана бошлайди. Ҳар бир ер эгаси ўз меҳнатидан фойда кўра бошлайди. Бу эса ишсизлик, қашшоқлик, энг муҳими, ёшларнинг иш излаб ўзга юртларга кетиши олдини олади.

Мухбир: Партия яна қандай устивор йўналишларда иш олиб борган бўларди?

Нигора Ҳидоятова: Иккинчи муҳим масала – ҳокимият тизимида ислоҳотлар ўтказиш. Амалдорларнинг 60 фоизи ишдан олиниши лозим. Бундай кўп сонли ҳокимиятнинг бизга нима ҳожати бор? Биз нега ҳокимиятдаги сон-саноқсиз ходимларга пул тўлашимиз керак. Ўйлаб кўрсангиз, уларнинг мутлақо кераги йўқ. Шунча бекорчини йиғиб олиб, бюрократияни ривожлантиришдан нима наф? Амалдорлар сони қанча кам бўлса, халқ овози уларга шунча тез етиб боради.

Мухбир: Партия шундай олижаноб мақсадларни режалаштирган экан, яна бир масалага тўхталиш ўринли бўларди. Хўш, партия халқ орасида обрўга эгами? “Озод деҳқонлар” Фарғона водийсида анчагина тарафдорларга эгалиги маълум, лекин мамлакатнинг жануб ва ғарбидачи?

Нигора Ҳидоятова: Биласизми, мамлакатимизнинг жануб ва ғарбида у қадар фаол эмасмиз. Бу жуда катта ҳудуд, вакилларимиз сони эса анча кам. Бўлимларимиз билан алоқани сақлаб турамиз, аммо фаоллик кўнгилдагидек эмас. Бунга қўлимиз тегмаяпти. Бироқ айнан шу вилоятларда фаолликни кучайтиришни кўзлаяпмиз. Бунинг учун ҳаракат режамизни қайта кўриб чиқамиз, жанубий ва ғарбий вилоятларда янги лидерлар тайёрлаймиз...


Мухбир: Бугун, айниқса, мухолифатдаги партияларда зиёлилар, соҳа мутахассислари, маданият ва фан арбоблари деярли учрамайди. Бу уларнинг мухолифатдаги партияларга ишонмаслигидан далолатми ёки ички қўрқув оқибатими?

Нигора Ҳидоятова: Савол жуда ўринли ва бунга бир неча сабабларни келтириб ўтиш мумкин. Бу, албатта, зиёлилардаги пассивлик билан боғлиқ. Қолаверса, сафларида турли соҳаларнинг етук мутахассислари йўқлиги мухолифатнинг ҳам камчилиги дейиш мумкин. 13 йил давомида мухолифат, асосан, ўз ёғига ўзи қовурилиб юрди. Ғоявий бирлик бўлмади. Худди шундай, зиёлилар ҳам ўзаро жипслашган эмас. Ҳозир, албатта, вазият бироз ўзгарган, биз бир-биримизни тўлдириб боряпмиз. Энди бевосита “Озод деҳқонлар” партиясига келсак, ўзим тарих фанлари докториман, бу қатлам орасида менинг тарафдорларим ҳам оз эмас. Вақт-соати келганида улар ўзларини намоён этади...

Мухбир: Энди реал воқеликка қайтсак. “Озод деҳқонлар” барибир сайловда қатнаша олмайди. Барча тарафдорлар билан бирга сайловни бойкот қилса ҳам бу тадбир бўлиб ўтади. Шундай экан, партиянинг бўлажак парламентга муносабати қандай бўлади?

Нигора Ҳидоятова: Биз оммани фаоллаштириш, сиёсатга жалб этиш мақсадида фуқароларимизни маърифатли қилиш йўлида иш олиб борамиз. Чунки ҳозир шундай тизим шаклландики, парламент ҳам, халқ ҳам ўзи билан ўзи овора. Аввалги парламент қандай эди? Унда ҳам деярли шу партиялар (сайловда қатнашаётган расмий партиялар) вакиллари ўтирган. Хўш, улар нима иш қилди? Шу ҳолатлардан келиб чиқиб, биз янги парламент ҳақида ўйламаймиз ҳам. Лекин уларни виждон амрига бўйсунишга, ҳалол ва пок ишлашга, халқдан юз ўгирмасликка даъват этиб борамиз.
XS
SM
MD
LG