Линклар

Эркин Халилов сайловчилар билан қачон учрашади?

  • Садриддин Ашур

Парламент сайловига 17 кун қолганда 2-Дархон сайлов округида депутатликка номзодлар билан биринчи марта учрашув ўтказилди. Лекин шу округдан номзоди кўрсатилган Олий Мажлиснинг амалдаги раиси Эркин Халилов учрашувга келмади.

Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 2-Дархон округидан кўрсатилган номзодларнинг сайловчилар учрашуви билан учрашуви дастлаб 4 декабрга белгиланганди. Кейин учрашув 7 декабрга қолдирилди. 7 декабрда эса тадбир 9 декабрга қолдирилиши маълум бўлди. Округ сайлов комиссияси масъуллари бу кечиктирилишни депутатликка номзодлардан бири – Олий Мажлиснинг амалдаги раиси Эркин Халиловнинг Конституция кунига бағишланган тантанали йиғилишда иштирок этиши билан изоҳлади.

“Озодлик” мухбири 9 декабрда белгиланган учрашувга етиб келганида ўзига хос тортишув устидан чиқиб қолди. Партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари Дархон округи сайлов комиссияси раиси Жўрабой Собировни ўртага олиб, учрашувни нега яна кечиктирмоқчи бўлаётгани сабабларини суриштирарди.

Маълум бўлишича, ҳозирча номаълум бўлган сабабларга кўра Э.Халилов учрашувга кела олмагани сабабли тадбирни бошқа кунга қолдириш режалаштирилаётган экан.

Бироқ номзодларнинг талаби билан учрашув барибир ўтказиладиган бўлди. Бу округдан депутатликка номзоди кўрсатилган 5 шахсдан уч нафари тадбирда иштирок этди. “Миллий тикланиш” партиясидан кўрсатилган номзоднинг ўзи ҳам, ишончли вакили ҳам қатнашмади.

Э.Халиловнинг ишончли вакили Валентина Ломухова эса учрашувда Олий Мажлис раисининг мамлакатни демократиялаштиришга қўшган ҳиссаси ҳақида тўлқинланиб гапирди. Лекин у номзоднинг сайловолди дастури ҳақида бир оғиз сўзламади.

“Фидокорлар” миллий демократик партияси номзоди Жаҳонгир Бобоев, Либерал демократик партия номзоди Валентина Котельникова, Халқ демократик партияси номзоди Аваз Саидов учрашувда ўзларининг сайловолди дастурларини баён қилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, учрашувга элликка яқин одам тўпланди. Тасаввур қилинг, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувига келганлар сони шунча. Уларнинг ҳам тенг ярми номзодлар, ишончли вакиллар, округ сайлов комиссияси жойлашган Шифокорлар малакасини ошириш институти ўқитувчилари ва малака оширишга келган шифокорлар эди.

Учрашувда маҳаллалар вакиллари, оддий кишилар, яъники асосий сайловчилар келмади. Шунинг учун тадбир давомида қизғин баҳс-мунозаралар кузатилмади.

Тадбирда қатнашган сайловчилардан бирининг айтишича, у учрашувдан қониқмаган. Чунки ўзини қизиқтирган саволларга жавоб ола олмаган.

Учрашув қарийб икки соат давом этди. Бу вақтнинг асосий қисми номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари маърузаларига сарфланди.
XS
SM
MD
LG