Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:22

Ҳуқуқ ҳимоячиси саккиз кунга қамалди


Турғунбек 10 декабрь куни “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Марҳамат тумани бўлими раиси Дилмурод Муҳиддинов майда безорилик ва ички ишлар ходими талабини бажармасликда айбланиб, 8 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Суд қарорида кўрсатилишича, 7 декабрь куни Д.Муҳиддинов ва туман ички ишлар бўлими навбатчиси ўртасида низо чиққан. Низога навбатчи Д.Муҳиддиновни бўлимга киритмагани сабаб бўлган.

Бу ҳолатни суд раисига ёзган раддиясида Д.Муҳиддиновнинг ўзи ҳам тан олади. Унинг маълум қилишича, фуқаролик паспортининг амал қилиш муддати тугагани боис бундан икки ой муқаддам уни алаштириш учун ички ишлар бўлимига топширган. Лекин шунча вақтдан буён янги паспорт ола олмай сарсон бўлмоқда. 7 декабрь куни шу масалада ички ишлар бўлимига борган, лекин навбатчи киритмагач, ўртада низо чиққан.

Д.Муҳиддинов паспортини алмаштириш чўзиб юборилаётганини ИИБ бошлиғи Қобил Мадумаровнинг ўзига шахсий адовати борлиги билан изоҳламоқда. Унинг раддиясида ёзилишича, 20 сентябрь куни ҳам Қ.Мадумаров томонидан қалбакилаштириб тузилган ҳужжатга кўра, ҳеч қандай далилий ашё бўлмаган ҳолда судланган ва 10 кунга қамалган.

Д.Муҳиддинов ўз раддиясида судьяга ишончсизлик билдирган.

Қ.Мадумаровнинг таъкидлашича, ички ишлар идорасига кириб-чиқишнинг ўз тартиби бор. Лекин Д.Муҳиддинов ушбу тартибга риоя этмаган ва навбатчини ҳақоратлаган.

“Эзгулик” жамияти Марҳамат тумани бўлими раиси ўринбосари Мусажон Бобожоновнинг билдиришича, суд икки марта қолдирилган. Лекин эртаси куни адвокат иштирокисиз суд ўтказилиб, Д.Муҳиддиновга суд қарори эълон қилинган.

М.Бобожонов ўз бошлиғининг қизиққонлик қилганини оқлай олмаслигини билдирди.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида у ўзини босиши керак эди. Лекин яна бир жиҳати борки, фақат милиция ходимлари эмас, суд, прокуратура ҳам, амалдор шахслар ҳам хизмат юзасидан одамларни бунчалик куттириб қўймаслиги керак. Қанча одамлар ҳар куни буларнинг эшиклари олдида кутиб қолади? Ишларини ойлаб ҳал қила олмайдиган кишилар бор”, - деди М.Бобожонов.
XS
SM
MD
LG