Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:11

Мьюша Север милиция ходимини олқишлади


10 декабрь куни “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро куни муносабати билан тадбир ўтказилди. Тадбирда мамлакатдаги энг фаол ҳуқуқ ҳимоячиларига ташкилот ёрлиқлари топширилди.

Тадбирда ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, дипломатик корпус вакиллари, жумладан, АҚШ элчиси Жон Пурнелл қатнашди.

Ваколатхона директори Мьюша Севернинг сўзларига қараганда, унинг Ўзбекистондаги бир йиллик фаолияти оддий кечмаган. Ўзбекистонликларнинг ўзлари ҳам мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият яхшиланиши учун ҳаракат қилмоқда.

М.Север мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари соҳасини тўрт киши сиймосида тасаввур қилишини билдирди. Улардан биринчиси, қийноқлар натижасида ҳалок бўлган фарзанди учун қонунсизликка қарши мардона бош кўтарган она Фотима Муқодирова. Иккинчиси, милиция ходимлари томонидан калтакланган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Юрий Коноплёв. Учинчиси, андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимояси Саиджаҳон Зайнобиддинов. Тўртинчиси, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси бошлиғи Алишер Шарофиддинов.

М.Север бу инсонларнинг мард ва жасоратли эканини таъкидлади.

М.Севернинг билдиришича, А.Шарофиддинов юқори лавозимли шахслардан биринчи бўлиб “Freedom house”га келган ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан мулоқотлар ўтказган. Бугунги кунда унинг кўплаб ҳамкасблари “Freedom house”нинг дўстларига айланган, яъни улар мавжуд муаммоларни биргаликда ечишга ҳаракат қиляпти.

АҚШ элчиси Жон Пурнеллнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласида муаммо бор. Акс ҳолда бу масала муҳокама этилмас эди. Шуниси қувонарлики, бу муаммоларни ҳал қилишда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ҳукумат ўртасида мулоқот мавжуд. Ана шу мулоқотни давом эттириш керак.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Алисон Гилл хоним Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлиш қаҳрамонлик билан баробар, деди.

Тадбир чоғида самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Комилжон Ашуров, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти аъзоси Клара Шодмонова, андижон ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов ва наманганлик Собитхон Устабоев “Freedom house” ёрлиқлари билан тақдирланди.
XS
SM
MD
LG