Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:04

Саф кенглигига эмас, ҳаракат пухталигига интилиш керак


Шайбон Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан тўхтовсиз тазйиқлар, турли кўринишдаги фитналар, зўравонликлар давом этаётгани боис бу соҳадаги вазият оғирлигича қолмоқда.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов 10 декабрь - Инсон ҳуқуқлари халқаро куни муносабати билан ўтказилган суҳбат чоғида “Озодлик” мухбирига шундай фикр билдирди.

Унинг айтишича, инсон ҳуқуқлари ташкилотларнинг қай даражада фаол бўлиши уларнинг ўзигагина боғлиқ эмас. Бу, аввало, улар фаолият кўрсатаётган ҳудуддаги вазиятга ҳам боғлиқ. Ўзбекистон шароитида бундай ташкилотларнинг аҳволи жуда оғир.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хоним маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини мард инсонлар, деб таърифлади.

“Улар ҳуқуқ ҳимояси ҳақида қайғуради, ўз халқи ва ватани учун жон куйдиради, аммо ўзлари ҳақида деярли ўйламайди. Бу шахслар пикетларда қатнашади, суд жараёнлари борасида мониторинглар ўтказади. Бу ишларнинг барчасини тинимсиз тазйиқлар ва таъқиблар остида амалга оширади”, - деди А.Гилл.

А.Гиллнинг фикрича, расмий идоралар, ҳуқуқ-тартибот органлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фаолиятидан безовта бўлишига сабаб уларнинг бу шахслардан чўчишидир. Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи гуруҳлар Ўзбекистонда анчадан буён мавжуд бўлса-да, улар эндигина ривожлана бошлаяпти. Шунинг учун расмий доиралар бу гуруҳларнинг шу вақтгача астойдил яширишга уринилаётган муаммоларни ошкор қилиб юбораётганидан хавфсирамоқда.

И.Худойбергановнинг сўзларига қараганда, маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларида ҳуқуқий билим ва малаканинг етишмаслиги, вазиятни чуқур таҳлил эта билмаслик, баъзан ўйламай амалга оширилаётган хатти-ҳаракатлар уларнинг мавқеига путур етказади. Пухта ўйланмаган ҳаракатлари билан улар ҳокимият вакилларининг ўзларига қарши чора кўришига кенг имконият яратиб беради. Шунинг учун ҳуқуқ ҳимоячилари ўз сафларига ҳар қандай тасодифий кишиларни қўшишга интилмаслиги керак. Ижобий натижа сафнинг катталиги эмас, ҳаракатнинг пухталиги орқасидан қўлга киритилади.

А.Гиллнинг билдиришича, Ўзбекистонда шундай вилоятлар борки, у ерда фуқароларни мунтазам хўрлаш, милиция ва ҳокимликлар вакиллари томонидан халқнинг камситилиши давом этяпти. Умуман олганда мамлакат вилоятлари ичида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият яхши, дейиш мумкин бўлгани учрамайди.
XS
SM
MD
LG