Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:46

Шароит яхши, аммо ота-она меҳри йўқ


Фирдавс Қашқадарё вилоятида тўртта меҳрибонлик уйи бор. Қарши шаҳрида 1951 йилда очилган 3-меҳрибонлик уйида олти миллатга мансуб 51 нафар етим бола тарбияланади. Уларнинг аксарияти мактаб ўқувчиларидир.

3-меҳрибонлик уйи раҳбари Гулсара Раҳмонованинг сўзларига қараганда, бу ерда етим болалар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Улар дарсдан сўнг бир неча фан ва спорт тўгаракларида шуғулланиши мумкин. Байрамларда ҳомийлар томонидан турли тадбирлар ўтказиб турилади. Уларнинг овқатланиш ва яшаш шароити уйдагидан қолишмайди. Шунга қарамай, болалар ота-она меҳрига, дийдорига зор бўлиб яшайди. Чунки тарбиячилар қанчалик меҳрибон ва ширинсўз бўлмасин, ота-она меҳрини бера олмайди.

Г.Раҳмонованинг таъкидлашича, меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болалардан фақат учтасининг ота-онаси йўқ. Баъзиларининг ота-оналари фарзандларини йиллаб эсламайди. Тарбияланаётган болалардан 10 фоизининг ота-онаси ҳар замонда келиб хабар олади.

Яқинда мактабни тугатадиган баъзи тарбияланувчилар бу ерга мурғаклигидан келтирилган. Улар меҳрибонлик уйларидан кетишни, ота-оналари бағрига қайтишни тасаввур ҳам қила олмайди.

Ота-онаси фарғоналик бўлган Мансур Анорбоевнинг айтишича, аяси ҳар замонда келиб, хабар олиб туради. Лекин аясининг саломатлиги яхши эмас. У уйга қайтиш ҳақида камдан-кам ўйлайди. Чунки меҳрибонлик уйида умуман зерикмайди. Дўстларининг ҳаммаси шу ерда.

Ғузорлик Ўрол ва синглиси бундан икки ой муқаддам меҳрибонлик уйига топширилган. Ўролнинг билдиришича, ёлғиз онаси фарзандларини боқишга имкон топа олмаган ва бу ерга олиб келган.

Маълум бўлишича, болалар оилалардаги низолар ёки иқтисодий қийинчиликлар сабабли меҳрибонлик уйларига топширилади. Ота-оналари фарзандига эгалик ҳуқуқидан маҳрум этилмагани учун уларни бошқа хонадонларга бериш имконияти йўқ. Аммо тарбияланувчиларни фарзандликка олишни истовчилар кўп.
XS
SM
MD
LG