Линклар

logo-print

Талаба ҳам сайловчи, лекин…

  • Садриддин Ашур

Маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказувчи 10-Бўз сайлов округи комиссияси Тошкент шаҳри халқ депутатлари кенгаши аъзолигига бешта сиёсий партиядан ва битта ташаббус гуруҳидан номзодни рўйхатга олган.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида шаҳар кенгаши депутатлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувида олти номзоддан фақат учтаси иштирок этди. Бир номзоднинг ишончли вакили қатнашди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод – шифокор Ҳабибулла Оқилов ХДП, асосан, аҳоли ўрта қатламининг партияси ҳисобланиши, шунинг учун шу қатламнинг муаммоларини ҳал қилишга интилишини маълум қилди.

“Президент янги йилни “Сиҳат-саломатлик йили”, деб эълон қилди. Лекин муаммолар фақат соғлиқни сақлаш тизимидами? Маиший ва ҳаётий муаммолар йўқми? Йўлкира ҳақи, мактаб муаммоларичи? Коммунал хизматлар ҳозир энг оғир муаммолардан бирига айланган. Чунки улар бу соҳани монополлаштириб олган. Бозордан картошкани танлаб олишингиз мумкин. Лекин коммунал хизматларда танлов борми? Йўқ. Шунинг учун аҳоли улар белгилаган нархда тўлов тўлашга мажбур”, - деди Ҳ.Оқилов сайловчилар билан учрашувда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси номзоди, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиси Дилбарой Раҳмонованинг сўзларига қараганда, уни қийнаётган масалалардан бири муаллимларнинг жамиятдаги ўрнидир. Чунки ҳозир мактабларда эркак ўқитувчилар қолмаяпти.

Шуни таъкидлаш керакки, учрашув зали ярим тўла эди. Унда қатнашаётганларнинг ҳам асосий қисми талабалар эди. Депутатликка номзод “Тошшаҳарйўловчитранс” акциядорлик компанияси раиси Шомурод Муҳаммаджоновнинг ишончли вакили журналист Чори Латипов учрашувда кўпроқ талабалар савол бераётганига эътироз ҳам билдирди. Шунинг учун у саволни кўпроқ шу ернинг сайловчилари берса, яхшироқ бўларди, деган фикр билдирди. Лекин журналистнинг бу фикри йиғилганларда эътироз уйғотди. Улар талабалар ҳам сайловчи эканига урғу берди.

10-Бўз сайлов округи комиссияси раиси Абдурашид Ҳакимов ҳозирча сайловчиларнинг фаоллиги кутилган даража эмаслигини таъкидлади. У сайлов яқинлашган сари фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ошишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG