Линклар

logo-print

Журналист муаммоларни кўтариб чиқавериши керак


Фарғона вилоятининг Фарғона туманида яшовчи кекса журналист Тешабой Қодиров узоқ йиллар давомида шўро матбуотида ишлаган. У шўро матбуотининг энг гуллаган даври – Горбачёв давлатни бошқарган йиллар ва ҳозирги замон матбуотини қиёслаб бир неча фикрлар билдирди.

Кекса журналистнинг сўзларига қараганда, ҳозир газеталар сони жуда кўп. Лекин уларни кўпчилик ўқимайди. Илгари эса кам сонли газеталар катта нусхада тарқалар ва муштарийлар уларни қизиқиб ўқирди. Бу газеталарда яхшини яхши, ёмонни ёмон, деб ёзиларди.

Т.Қодиров ҳозирги матбуотнинг аянчли аҳволга тушишига мамлакатда демократия йўқлиги сабаб бўлганини таъкидлади.

“Наманган ҳақиқати” газетасида шартнома асосида ишлаётган журналист Нилуфар Ниёзованинг фикрича, журналистнинг қалами ўткир, дунёқараши кенг бўлса, муаммоларни матбуотга олиб чиқа олади.

Аммо фарғоналик журналист Обиджон Ғанижонов Н.Ниёзованинг фикрларига қўшилмади. Унинг айтишича, ҳамма нарса ҳам журналистнинг ўзига боғлиқ эмас. Айрим идоралар, раҳбарлар матбуотга таъсир ўтказиб, айтилиши мумкин бўлган муаммоларни ёритишга йўл бермаётир. Шунга қарамай, журналистлар ортга чекинмаслиги керак. Улар имконият даражасида муаммоларни кўтариб чиқишда давом этиши лозим.
XS
SM
MD
LG