Линклар

Хитой ва Россия биринчи марта ҳарбий машқ ўтказади

  • Ҳасанжон

Душанба куни Пекинда Россия ва Хитой ўртасида ҳарбий ҳамкорлик бўйича тузилган ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда икки давлат ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама этилди. Айни пайтда, Россия ва Хитой ҳарбий ҳамкорлик тарихида биринчи марта қўшма ҳарбий машқлар унинг келаси йил Хитойда бўлиб ўтиши эълон қилинди. Шу куни Хитой Президенти Ху Цзинтао Россия Мудофаа вазири Сергей Ивановни қабул қилди.

Хитой Мудофаа вазири Као Ганчуан ва Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов ҳарбий масалалар бўйича Россия ва Хитой ўртасида тузилган ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисига раислик қилди. Россия делегацияси таркибидаги манъбанинг ИТАР-ТАСС ахборот агентлигига билдиришича, музокаралар чоғида Хитойга ҳарбий ускуналар етказиб бериш, СУ русумидаги жанговар учқичларни Хитойда (лицензия асосида) йиғиш каби кенг қамровли масалалар муҳокама этилган.

Айни пайтда, Хитой расмийлари келаси йил мамлакат ҳудудида Россия билан биргаликда ҳарбий машқлар ўтказилишини эълон қилди. Хитой мудофаа вазири Као Ганчуан икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши учинчи давлатга қаратилмаганини алоҳида таъкидлади.

Россия ва Хитой биринчи марта биргаликда ҳарбий машқлар ўтказишини мутахассислар турлича шарҳламоқда. Москвадаги ҳарбий масалалар бўйича мустақил таҳлилчи Павел Фелгенгаверга кўра, ҳарбий машқлардан кўзланган мақсад икки йирик давлат ўртасидаги сиёсий ҳамкорликни намойиш қилишдир:


”Ҳарбий машқлардан кўзланган мақсад, икки давлат сиёсий қарашларининг бир-бирига яқинлигини кўрсатишдан иборат. Ҳарбий нуқтаи назардан бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Чунки бу машқлар қай кўламда ўтказилишини аниқ билмаймиз. Бундан ташқари у фақат рамзий маънога эга, ” -дейди россиялик таҳлилчи.

“Jane’s Defence” ҳафталиги таҳлилчиси Роберт Карниол Озодлик мухбири билан суҳбатда Россия ва Хитой ўртаси бўладиган биринчи қўшма ҳарбий машқларни шундай изоҳлади:


”Бу, асосан, икки соҳадаги ҳамкорлик кенгаяётганидан далолат бериши мумкин. Биринчидан, бу - қурол савдоси натижасида икки давлат ҳарбийлари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилганидан даракчи. Айни пайтда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ўтказилаётган ҳарбий машқлар кўлами кенгаяётган бўлиши ҳам мумкин. Янглишмасам, бундай машқлар Хитой ҳудудида биринчи марта ўтган йили бўлиб ўтган” -дейди ғарблик таҳлилчи.

Фелгенгавер фикрича, Украинадаги сўнгги воқеалар туфайли Россия ўзининг сиёсий йўналишини ўзгартирмоқда. Таҳлилчига кўра, Путин яқинда Деҳлига қилган сафари чоғида АҚШнинг дунёдаги ҳукмронлигига қарши мувозанат яратиш мақсадида Россия, Ҳиндистон ва Хитой ўртасида стратегик ҳамкорлик яратиш ғоясини яна бир бор тилга олди. Айни шу ғояни биринчи бор Россия собиқ Ташқи ишлар вазири Евгений Примаков айнан Деҳлида ўртага ташлаган эди.

Хитой ва Россия ўтказадиган ҳарбий машқлар дунёда АҚШга муқобил куч яратиш йўлидаги уринишми, деган саволга Фелгенгавер:


”Ҳа, Россия мувозанат яратиш эҳтимоли борлигини кўрсатишга уринаётган бўлиши мумкин. Хитойликлар эса, масалага бошқача, прагматик ёндашмоқда. Улар Россиядан замонавий қуроллар, хусусан ядровий сув ости кемаси ва бошқа қуроллар сотиб олиш учун қўйилган чекловлар бекор қилинишини хоҳлайди” -дейди россиялик таҳлилчи.

“Jane’s Defence” ҳафталиги таҳлилчиси Роберт Карниол эса Хитой ва Россия ўтказадиган ҳарбий машқлар АҚШга муқобил куч яратиш йўлидаги уриниш деган фикрга қўшилмаслигини айтади:


”Мен бундай деб ўйламайман. Менимча, бу - биргаликда ҳарбий машқлар ўтказишдан икки томон манфаатдор эканини кўрсатади. Ҳарбий машқлар ўтказиш борасида сўнгги бир йилдан ортиқ вақт давомида Хитой сиёсати сезиларли ўзгарди. Шу пайтгача хитойликлар ўз ҳудудларида хорижликлар билан ҳарбий машқлар ўтказмаган. Охирги бир йил ичида бу сиёсат ўзгариб, Хитой ҳудудларида хорижликлар билан учта ҳарбий машқ ўтказилди” -дейди ғарблик таҳлилчи.

Айни пайтда, Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов, агар Европа Иттифоқи Хитойга нисбатан жорий қилган қурол эмбаргосини бекор қилса, Россия рақобат юзага келишидан қўрқмаслигини баён қилди.

Мутахассислар фикрича, Россия жорий йилда Хитойга икки миллиард доллардан ортиқ қийматда ҳарбий техника сотган.
XS
SM
MD
LG