Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:57

“Бирлик” халқ ҳаракати партияси раиси Абдураҳим Пўлатов: Ўзбекистон мухолифатининг қўл-оёқларига кишан солинган


“Бирлик” партияси Ўзбекистон парламент сайловларида иштирок этиш ҳуқуқини ололмаган бешта мухолифат партияларидан бири.

“Озодлик” радиоси мухбири Абдулла Искандар “Бирлик” халқ ҳаракати партияси етакчиси Абдураҳим Пўлатов билан суҳбатлашди.

Абдулла Искандар: Абдураҳим Пўлатов жаноблари, “Бирлик” партияси мақсад ва вазифаларини қисқа гапириб берсангиз. “Бирлик” ўнг қанот партиясими, ёки сўл қанотдами?

Абдураҳим Пўлатов: Партия жойи ҳақидаги савол жуда муҳим. Партия қаерда эканини аниқлаб олиш унинг келажакдаги стратегияларини белгилашда керак бўлади. “Бирлик” партияси ўнгдаги марказ партияси.

А. И.: Агар “Бирлик” партияси ҳам сайловларда иштирок этиб, парламентда кўпчилик жойга эга бўлганида, у энг аввало қандай сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширган бўлар эди?

А. П.: Собиқ совет республикалари, хусусан Ўзбекистонда, энг аввало иқтисодий ислоҳотларга эътибор қаратиш лозим, чунки мамлакатдаги иқтисодий вазият, халқнинг иқтисодий аҳволи жуда ҳам ёмонлашиб бормоқда. Лекин “Бирлик”нинг фикрича бугун Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг иложи йўқ. Чунки Ўзбекистон иқтисодиёти “оёғига катта кишан солинган”. Бу кишан эса ҳозирги сиёсий тизимдир. Бу тизимни ўзгартирмасдан, яъни ҳақиқий қонунчилик ва суд органларини яратмасдан ҳеч қандай ўзгаришларни амалга ошириб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан “Бирлик” партияси Ўзбекистонда олдин сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш керак, деган фикрда. Сиёсий ислоҳотлар асосида эса мустақил парламент ва суд тизимини яратиш ётади. Бугун мавжуд бўлган диктатурани йўқ қилишда бу биринчи қадам бўлади. Мамлакатда барча сиёсий партиялар фаолияти учун имконият яратилиши керак. Парламентга сайланадиган бўлсак, ўз фаолиятимизни шу йўналишда қарорлар қабул қилинишига қаратамиз.

А. И. : 30 ноябр куни “Бирлик” партияси эълон қилган баёнотда партия сайловларда иштирок этиши айтилган. Айни пайтда “Эрк” ва “Озод деҳқонлар” партиялари сайловларни бойкот қилишга чақирган эди. Нега “Бирлик” ҳам бойкот йўлини танламади?

А. П. : Бойкот сийсий жараёнларга томошабин бўлиб туриш демакдир. Бойкот қилиш учун фуқаролик жамияти бўлиши керак. Одамлар бойкот нималигини тушуниши лозим. Бу нарсаларни тушунтира оладиган куч, эркин матбуот бўлиши керак. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги янги қонунларга кўра, сайловларда 30 фоиз сайловчилар қатнашса, сайловлар ҳақиқий, деб тан олинади. Бу дегани, 70 фоиздан ортиқроқ сайловчиларнинг сайловда қатнашмасликларини уюштириш демакдир. Менимча, бу хом-ҳаёл қилиш билан баробардир. Сиёсий партиялар хом-ҳаёллик билан реалликнинг фарқига боришлари керак. Биз бундан ҳам самаралироқ чора, яъни одамларга сайловларда ҳамма номзодларга қарши овоз беришни ўргатишни таклиф қиляпмиз. Чунки одамлар совет пайтларидан ўрганиб қолишган, сайлов бўлса боришади-да бюллетенларни қутиларга солишади. Биз эса уларга боринглар ва ҳукуматнинг 13 йилдан бери ҳеч нарсага эриша олмаган “чўнтак депутатларига” қарши овоз беринглар, деб айтяпмиз. Агар кўпчилик шундай овоз берса, сайловлар қайтадан ўтказилишига умид бўлади.

А. И. : Бу ҳаракат Ўзбекистон парламент сайловларининг легитим (ҳақиқий), деб тан олинишига хизмат қилмайдими?

А. П. : Шуни қайтараманки, сиёсат бор имкониятлардан фойдаланиш сиёсатидир. Сайловларнинг легитим бўлиш бўлмаслиги “Бирлик”нинг иштироки билан белгиланмайди. “Бирлик” ҳар қандай чора билан ҳам курашни давом эттириш ниятида. Яъни эшикдан киритмасалар, тешикдан, деган халқ нақлига амал қилмоқдамиз. Ислом Каримовни демократия йўлига юришга мажбур қиламиз.

А. И. : Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўзбекистон парламент сайловларига ўз кузатувчиларини юборишини маълум қилди. Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари ва баъзи мухолифат вакиллари, жумладан “Бирлик” ҳам бу ташкилотни сайловларга кузатувчиларини юбормасликка чақирган эди. Бу ҳақда қандай фикр билдирасиз?

А. П. : “Бирлик” партиясининг бундай фикри йўқ. Биз халқаро ташкилотлар ҳар қандай сайловларни кузатиши, сайлов жараёнига таъсир ўтказиши ва мухолифатга ёрдам бериши керак, деб ўйлаймиз.

А. И. : Кузатувчилар, Ўзбекистон мухолифати фалаж аҳволда, деган фикрларни билдирмоқда. “Бирлик” партиясининг потенциали ҳақида нима дея оласиз?

А. П. : Ўзбекистон мухолифати фалаж аҳволда эмас. Бугун Ўзбекистон мухолифатининг қўл-оёқларига кишан солинган. Буни фалаж, деб бўлмайди, мухолифатнинг имкониятлари чекланган. Бугунги диктатура бизни (мухолифатни) кишанда ушлаб туришга мувофиқ бўляпти. Ўзбекистондаги тузумни дунёдаги энг мудҳиш диктатуралардан бири, деб тан олишган. Масалан, АҚШ Конгресида ўтказилган мажлисда Ўзбекистонни бўғилган демократаия, деб баҳоладилар. Шундай шароитда ҳам “Бирлик” партияси 12 йилдан кейин кишанларни бузиб, оёққа туришга ҳаракат қилмоқда. Бугун дунёда рўй бераётган ўзгаришлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон ҳукуматининг яқин келажакда бундай кишанларни ушлаб туришга кучи қолмайди.

А. И. : Бундан бир йил олдин Грузияда, бугун Украинада рўй бераётган воқеаларни назарда тутяпсизми?

А. П. : Бугун дунё воқеаларидан ажралиб яшай олмайсиз. Украинадаги воқеалар Ўзбекистондаги воқеликка таъсир ўтказмаслиги мумкин эмас. Мен Украинадаги жараёнлар бизда ҳам такрорланади, демоқчи эмасман. Бундай жараёнларни бирор киши ташкил қилмаса, ўзидан-ўзи рўй бермайди. Мен айтмоқчи бўлган нарса, бу жараёнлар Ўзбекистон ҳукуматини ўйлатиб қўяди. Қайси маънода ўйлатади? Ҳукумат мухолифатдан қўрқиб қолади, деган маънода эмас. Украинадаги жараён Россиянинг ҳамма нарсага кучи етмаслигига жуда ёрқин мисол бўлди. Американинг кўп нарсага кучи етаяпти-ю, Россиянинг кучи етмаяпти. АҚШ ҳозирча Ўзбекистон масаласи билан жиддий шуғуллангани йўқ. Лекин АҚШ Ўзбекистон масаласи билан қачон шуғуллана бошлашини Ислом Каримов билмайди. Агар эртага АҚШ бу масалани кўтарса, Каримов режими эртасига битади. Россия уни сақлаб қололмайди. Ҳозир Марказий Осиё диктаторларининг ҳаммаси, буни тан олишмаса ҳам, ўз ички сиёсатига ўзгартишлар киритишига ишонаман.
XS
SM
MD
LG