Линклар

logo-print

13 декабрь – Туркистон куни


Тўлқин

1917 йилнинг 13 декабрида Тошкент шаҳрида маҳаллий аҳолининг мустақиллик учун уюштирган йирик намойиши большевиклар томонидан шафқатсизлик билан бостирилган эди. Бу кун “қонли якшанба” сифатида тарихга кирди.

Тарих фанлари номзоди Нигора Ҳидоятованинг сўзларига қараганда, 1917 йил 13 декабрда маҳаллий аҳоли Тошкентнинг эски шаҳар қисмидан шаҳарнинг ўша пайтлари Кауфман хиёбони деб аталган маркази томон юра бошлаган. Бу тинч намойиш эди. Аммо большевиклар бу намойишни шафқатсизлик билан бостирган.

“1917 йилдаги февраль ва октябрь инқилобидан кейин Туркистонда миллий озодлик ҳаракати ривожлана бошлади. Ленин бошчилигидаги большевиклар маҳаллий миллат вакилларига ҳукумат идораларида бошқарув ҳуқуқини беришни ваъда қилди. Туркистондаги миллий озодлик ҳаракати етакчиларининг кўпчилиги бу ваъдаларга ишонди. Аммо октябрь инқилобидан кейин большевиклар ўз ваъдасини унутди. 1917 йил 6 декабрда жадидлар, “Шўрои Исломий” ва “Шўрои Уламо” фирқалари етакчилари Тошкент шўролар кенгаши раиси Фёдор Колесов ҳузурига бориб, маҳаллий миллат вакилларига мухторият берилишини талаб қилди. Фёдор Колесов бу масалани ҳал этиш ваъдаси билан миллий озодлик ҳаракати вакилларини 1917 йилнинг 13 декабрида Кауфман хиёбонида учрашувга таклиф қилди”.

Н.Ҳидоятованинг таъкидлашича, 13 декабрь куни эски шаҳарнинг деярли барча аҳолиси – 80 мингдан ортиқ киши жадидлар раҳбарлари Беҳбудий ва Мунаввар қори етакчилигида шаҳар маркази томон юра бошлади. Бу аҳолининг жуда яхши ташкил этилган тинч намойиши эди. Халқ бошдан-оёқ оқ кийим кийиб, саф-саф бўлиб борарди. Большевиклар бу учрашувга ўзгача тайёргарлик кўрди. Шаҳар ўртасидаги анҳор бўйида намойишчиларни большевиклар пулемётлар билан қарши олди. Тинч аҳоли кутилмаганда ўққа тутилди. Ушбу воқеадан икки ой ўтиб, большевиклар босмачилар ҳаракати деб атаган Туркистон озодлик ҳаракати пайдо бўлди. Туб аҳоли бу воқеадан кейин большевиклар билан фақат қўлга қурол олиб курашиш мумкин, деган хулосага келди.

Тарих фанлари номзоди Қаҳрамон Ражабовнинг билдиришича, 1917 йил ноябрнинг охирларида Қўқонда Туркистон мухторияти ҳукумати ташкил қилинган. Орадан икки ҳафтача ўтгандан кейин Тошкентда большевиклар томонидан ҳеч қандай гуноҳсиз тинч аҳолининг қони тўкилган.

“Бунинг сабаби нимада? Туркистон мухторияти ташкил этилгандан сўнг даставвал Наманганда, Марғилонда, Скобелевда (ҳозирги Фарғона), Самарқандда ва бошқа кўплаб шаҳарларда мухторият ҳукуматини қўллаб-қувватлашга қаратилган митинглар ўтказилди. Уларда туб аҳоли большевизм ғоялари ва ҳокимиятини қабул қила олмаслиги ҳақида фикрлар билдирилган эди”, - деди олим.

1953 йилда Туркистон миллий қўмитаси мурожаатига кўра АҚШ Сенати 13 декабрни Туркистон куни, деб эълон қилди.

Н.Ҳидоятованинг айтишича, ҳар йили 13 декабрда Нью-Йоркнинг Манхэттен кўчасида миллий кийимлар кийган туркистонликлар намойиш ўтказган. Бу каби чиқишлар 1991 йилгача, яъни Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгунча давом этган.
XS
SM
MD
LG