Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:50

Ўзбеклар учун иш ўрни мардикор бозорда ёки қўшни давлатда


Наманган вилоятида чуқур илдиз отиб бораётган ишсизлик муаммоси туфайли аҳолининг катта қисми тирикчилик мақсадида қўшни мамлакатларга ишлашга кетишга ёки мардикор бозорларига чиқишга мажбур бўляпти.

Норин туманидаги Норинкапа қишлоғи аҳлининг сўзларига қараганда, ишсизлик туфайли қишлоқдаги ҳар бир хонадондан камида 2-3 киши иш излаб мардикор бозорларига, қўшни мамлакатларга чиқиб кетган.

“59 ёшга кириб аёлларнинг мардикор бўлганини энди кўришим. Фермерлар аёлларни ёллаб кетиб, арзимаган ҳақ тўлайди. Эркакларнинг ҳаммаси Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонга кетди”, - деди норинкапаликлардан бири.

Наманган вилояти аҳолини иш билан таъминлаш идораси ходимининг айтишича, ишсизлик катта муаммо бўлиб турибди. Ташкилот аҳолини иш билан таъминлашга уриняпти. Йилига 2,5-3 минг иш ўрни яратиляпти. Лекин бу етарли эмас.

Жамила Турсунова Наманган шаҳридаги шифохоналардан бирида ҳамшира бўлиб ишлаган. Турмуш ўртоғи эса қоровуллик қилади.

Ж.Турсунованинг таъкидлашича, у хўжайини билан ўз ҳисобидан таътил олиб қўшни Қозоғистонга мардикорликка борган. У ерда пахта терган. 246 минг сўм даромад қилган. Ўзи ҳамширалик қилгани учун 17-18 минг сўм маош олади. Эринг маоши эса 8-12 минг сўм.

Фалсафа фанлари номзоди Ғофуржон Тошпўлатовнинг фикрича, агар қашшоқлик, ишсизлик каби иллатларнинг тезда олди олинмаса, келажакда бу сиёсий можароларга олиб келиши мумкин.

Мустақил кузатувчи Рашид Абдуллонинг билдиришича, ҳукумат ўзи иш ўринлари ярата олмаса, фуқароларнинг хорижда бемалол ишлаб келиши учун бошқа мамлакатлар билан келишувларга эришиш чораларини кўриши керак.
XS
SM
MD
LG