Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:39

ЕХҲТ кузатувчилари билан учрашиш хавфлими?


Фирдавс

13 декабрь куни Қашқадарёнинг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида сайлов масалаларига бағишланган семинар тренинг ўтказилди. Унда вилоятдаги барча сайлов участкалари раҳбарлари иштирок этди.

Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 104-Қарши сайлов округи комиссияси раиси Ибод Сайдуллаевнинг сўзларига қараганда, семинар чоғида иштирокчиларга сайловга тайёргарлик кўриш, сайловчилар рўйхатини тузиш, бевосита овоз бериш жараёнини ўтказиш, сайлов натижаларини расмийлаштириш ҳақида тушунтиришлар берилган.

Тадбирда қатнашган Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси Эркин Одилов вилоятдаги бир неча сайлов участкаларида бўлгани, бу участкаларда тайёргарлик талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, айрим участкаларда сайлов тўғрисидаги қарор, қонун, йўриқномалар йўқ. Бу ерлардаги иш шароити ҳам ёмон. Масалан, Яккабоғ туманидаги сайлов участкаларининг 40 фоизи телефон алоқаси билан таъминланмаган.

Э.Одилов вилоят бўйича сайловга тайёргарликни қониқарсиз баҳолади.

И.Сайдуллаевнинг билдиришича, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари Қашқадарёда ҳам фаолият олиб боряпти. Улар сайловга тайёргарлик жараёнини, сайловчилар билан учрашувларни, сайлов участкаларидаги иш шароитларини ўрганмоқда.

Мустақил журналист Тўлқин Қораевнинг таъкидлашича, ЕХҲТ вакилларига расман кузатувчилик мақоми берилган бўлса-да, улар билан учрашган айрим кишиларга тазйиқлар ўтказилмоқда.

“10 декабрь куни мен Қарши шаҳрида ЕХҲТ кузатувчилари билан учрашгандим. 11 декабрда эса эрталабдан уйимга милиция лейтенанти келиб, профилактика инспектори ҳузурига боришимни талаб қилди. Бордим. Милиция ходимлари мендан кузатувчилар билан учрашувим ҳақида тушунтириш хати ёзиб беришимни, улар нимани сўрагани, мен нима жавоб берганимни айтишни талаб қилди. Мен рад этдим. Улар мени йўқотиб юбориш билан қўрқитмоқчи бўлди. Милиция таянч пунктида иш битмагач, мени шаҳар ички ишлар бўлимига олиб боришди. Бўлим бошлиқларидан ҳеч ким мени қабул қилишни истамагач, улар қўйиб юборишга мажбур бўлди”, - деди журналист.

Шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Ғофир Йўлдошевнинг айтишича, участка инспекторига раҳбарлардан ҳеч ким Т.Қораевни ушлашга кўрсатма бермаган. Чунки журналист ҳеч қандай қонунбузарлик содир этмаган. Участка инспекторининг бу ҳаракати юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
XS
SM
MD
LG