Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:27

Йилнинг номи яхшию...


Феруза

2005 йил Ўзбекистонда “Сиҳат-саломатлик йили” деб эълон қилинди. “Озодлик” мухбири янги йилнинг бундай номланиши юзасидан соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ва кузатувчиларнинг фикрларини ўрганди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан ишлаш ва тарғибот-ташвиқот бўлими бошлиғи Абдунўъмон Сиддиқовнинг сўзларига қараганда, мамлакатда соғлиқни сақлаш бўйича 10 йилдан буён давлат дастури амалга оширилиб келиняпти. Сиҳат-саломатлик йилида эса бу борада аниқ ишлар қилинишига катта эътибор қаратилади. Дори-дармон, белгиланган имтиёзларга катта маблағ ажратилади. Катта маблағ ажратилиши соҳадаги ислоҳотларнинг тезлашишига ёрдам беради.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев янги йилнинг бундай аталиши ҳукумат мамлакат аҳли соғлиғига бефарқ эмаслигини кўрсатишини таъкидлади.

“Бироқ, - деди у, - бу умумий гап. Сиёсатнинг бир кўриниши. Тарғибот йўли. Бирор нарса ўзгарадиган бўлса, аввало, халқнинг ижтимоий аҳволи ўзгариши керак. Чунки шу пайтгача бирорта яхши нарса қилинмаган. Бир йил ичида буни ўзгартириб бўладими? Мен бунга ишонмайман”.

Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиникалардан бирида ишловчи Саноатхон Носированинг айтишича, Сиҳат-саломатлик йилида тиббиёт ходимларининг моддий аҳволини яхшилаш муаммоларига эътибор қаратилса, тизимда натижалар ижобий бўлади. Агар ажратиладиган маблағ белгиланган мақсад учун ишлатилса, соҳада вазият яхшиланади.

Мустақил кузатувчи Сожида Эргашеванинг фикрича, Сиҳат-саломатлик йилида тиббиёт соҳаси ходимлари зиммасидаги юк оғирлашади. Улардан тиббиёт муассасаларининг сиртқи кўринишини яхшилаш талаб этилади. Бу эса, ўз навбатида, шифокорларнинг беморлардан таъмагирлик қилишини янада кучайтиради. Аҳоли саломатлигини амалда яхшилаш учун гиёҳвандликка ружу қўйган ёшларга кўпроқ эътибор қаратиш, бу заҳри қотилнинг мамлакатга кириб келишига жиддий тўсиқ қўйиш лозим.
XS
SM
MD
LG