Линклар

Ишчилар ёрдам кутмоқда


Озодбек

Яқинда Тошкент трактор заводида ишловчи бир гуруҳ аёллар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов номига очиқ хат йўллаб, завод маъмурияти бир неча ойлардан буён иш ҳақи бермаётгани, шунингдек, ўзлари истиқомат қиладиган уйнинг аянчли аҳволда эканидан шикоят қилган эди.

“Озодлик” мухбири ушбу ҳолатни ўрганиш учун аёллар яшайдиган Мирзо Улуғбек тумани Буюк Ипак йўил кўчасидаги 421-уйда бўлди.

Маълум бўлишича, ушбу уй заводнинг ётоқхонаси ҳисобланади. 1957 йилда қурилган бу уй бир қанча вақт илгари ТТЗ томонидан хусусийлаштирилган ва туман ҳокимлиги қарамоғига олинган. Айни пайтда уй “Тўлқин ота” уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашлидир. Бу ерда беш юздан ортиқ киши истиқомат қилади.

Уй ҳақиқатан ҳам таъмирталаб, авария ҳолатида. Яшаш учун етарли шарт-шароитга эга бўлмаган уй соҳибаларининг ҳасратидан чанг чиқади.

“Муаммоларимиздан шикоят қилавериб чарчадик. Олий Мажлисга, Тошкент шаҳри ҳокимига, туман ҳокимига мурожаат қилдик. Ҳеч ким эътибор бермади. Уйдаги ҳамма битта ҳожатхонага қараб қолган. Болаларимиз баъзан навбат кутиб йиғлаб юборган ҳолатлар бўлади. Иситиш тизимини ишламайди. Томдан томчи ўтади. Хоналар зах. Газдан фойдаланиш учун навбатда туриш керак. Вақтида овқат қилиб бўлмайди. Чироқ ҳам тез-тез ўчади”, - дейди уйда яшовчи аёллар.

Аёлларнинг айтишича, иситиш тизими ишламагани боис, болалар тез-тез касалликка чалиняпти. Юқумли касалликлар тарқалиши одатий ҳолга айланган.

“Тўлқин ота” уй-жой мулкдорлари ширкати бош муҳандиси Шуҳрат Қирғизбоевнинг таъкидлашича, дастлаб бу бино ТТЗнинг оиласиз ишчилари ётоқхонаси эди. Кейинчалик бу ерга оилали ишчилар жойлаштирилган. Илгари 1-ётоқхона деб юритилган 421-уй оилавий яшаш талабларига жавоб бермайди.

Ширкат раҳбари Зулфия Тожимуродованинг билдиришича, 421-уйда яшовчи аксарият оилалар коммунал хизмат ҳақларини вақтида тўламайди. Кўпчиликнинг коммунал хизматдан қарзлари 150 минг сўмгача боради. Бу қарзларни ундириш учун ширкат судга ариза киритган. Шу ҳафтанинг душанба куни уйни капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.

Уй соҳибалари бинони капитал таъмирлашдан фойда йўқлиги, бу уйда яшовчиларни янги уйга кўчириш лозимлигини айтмоқда. Акс ҳолда, уларнинг айтишича, авария ҳолатдаги бу уй одамларнинг ҳаётини хавф остига қўяди.

Ишчи аёллар Президентга йўллаган очиқ хатида бир неча ойдан буён маош берилмаётганини ҳам ёзганди. Уларнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, яқинда ишчиларга сентябрь ойи учун иш ҳақи берилган. Лекин заводда ишчи-хизматчиларга иш ҳақи камдан-кам ҳолларда ўз вақтида берилади. Бу пул ҳам одамлардек яшашга етмайди. Шунинг учун ишчилар коммунал хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлай олмаётир.
XS
SM
MD
LG