Линклар

logo-print

Тўққиз боланинг тиланчи онаси


Лобар Бугунги кунда Сирдарё вилоятининг аҳоли гавжум жойларида, айниқса, бозорларда тиланчиликни ўзларига касб қилиб олган кишиларни кўплаб учратиш мумкин. Улар орасида меҳнат қилиш лаёқатига эга бўлганлар ҳам анчагина.

Ховос туманида яшовчи Феруза Зайнулина эндигина 30 ёшдан ошган бўлиб, 9 фарзанднинг онаси. У оиласи билан бир неча йиллар давомида ижарада яшаб юрган. Ҳокимлик томонидан оилага ётоқхона ажратилгач, бу ерга яшаш ҳақини тўлашга пул бўлмаган.

Ферузанинг айтишича, ўшанда у тиланчилик билан шуғуллана бошлаган. Уйма-уй юриб бирмунча пул жамғаргач, ётоқхона пулини тўлаган ва бу ерга кўчиб кирган. Унга бирор юмуш билан шуғулланишни таклиф қилганлар кўп бўлган. Ўзи ҳам ул-бул нарса сотиб кун кўришга уринган. Бироқ топган пули рўзғор тебратишга етмаган.

Турмуш ўртоғининг ногирон бўлиб қолиши Ферузанинг ташвишини яна ҳам орттирди.

Оила бошлиғи Рустам Зайнулиннинг сўзларига қараганда, ўзи юра олмай қолгач, болаларини ҳам пул топиб келишга юборишга мажбур бўлган. Болалари йўловчи ташувчи электр поездларда гадойлик қилмоқда.

Гулистон бозорларига 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган тиланчи болаларни кўплаб учратиш мумкин. Уларнинг усти юпун, кир-чир. Тиланчи болалардан бирининг таъкидлашича, гадой болалар бошқа шаҳарларда тиланчилик қилишни маъқул кўради. Унинг ўзи кўпинча Самарқанд ва Бекобод шаҳарларида тиланчилик билан шуғулланади. Чунки опалари шу шаҳарларда яшайди.

Маҳаллий журналистлардан бирининг фикрича, тиланчилар кўпайиб бораётганига оилаларнинг иқтисодий ночорлиги сабаб бўляпти. Ҳозир ишлайдиган одам ҳам жуда кам маош олади. Бу эса нормал турмуш кечиришга етмайди. Қолаверса, мактабларда, оилаларда ҳам болалар тарбиясига эътибор сусайиб кетган.
XS
SM
MD
LG