Линклар

Оқ Уй маъмуриятида кутилаётган ўзгаришлар

  • Ҳасанжон

Иккинчи муддатга президентликка сайланган Жорж Буш шу кунларда янги маъмуриятини тузмоқда. Кузатувчилар навбатдаги кабинетда қиёфалар янгиланиши, бироқ фикрлаш эскича қолишини таъкидлашмоқда. Буш АҚШ ҳукуматидаги 15 вазирдан тўққиз нафарини ўзгартириш ниятида. Ҳамкасбим Ҳасанжон билан бугунги суҳбат ана шу мавзуда бўлади.

К.Б.: Ҳасанжон, АҚШда ўтган президентлик сайловида америкаликларнинг аксарияти Жорж Буш маъмуриятига ишонч билдирган бўлса, нима сабабдан Президент кабинет аъзоларини ўзгартирмоқчи?

Ҳ.: Ҳурмат, Жорж Буш янги ҳукуматни ўзига садоқатли бўлган сиёсатчилардан тузишни хоҳлайди.

Кузатувчилар фикрича, Президент Буш номзоднинг ўзига садоқатлигига қараб уни янги кабинет аъзолигига тайинлаш ёки тайинламаслик тўғрисида қарор беради. АҚШнинг янги ҳукумати келаси ойдан расман фаолият бошлайди.

Ҳозирги ҳукуматнинг таниқли аъзолари, хусусан АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл, Адлия вазири Жон Ашкрофт ва Ички хавфсизлик вазири Том Риж ўз лавозимини тарк этади. Лекин, сўнгги тўрт йил ичида энг кўп танқидга учраган вазир, Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд эса ўз лавозимида қолади.

К.Б.: Оқ Уйнинг янгиланаётган маъмурияти ҳақида кузатувчилар қандай фикр билдирмоқда?

Ҳ.: Вашингтондаги Като тадқиқот маркази таҳлилчиси Патрик Башамнинг Озодлик радиосига айтишича, янги маъмурият аввалгисидан тубдан фарқ қилади. Бу таҳлилчига кўра, Буш ва унинг юқори лавозимли маслаҳатчилари ҳисобланган АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд ва Вице-президент Дик Чейни қандай ташқи сиёсат юритиш ҳақида баҳслашадиган пайт ўтиб кетди, деган фикрда.

Шу сабабли, кузатувчилар, энг катта ўзгариш Давлат департаментида бўлади, демоқдалар. Жорж Буш ҳозиргача Миллий хавфсизлик масалалари бўйича Президент маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган Кондализа Райсни Давлат Котиби Колин Пауэлл ўрнига тайинлади. Маълумки, сўнгги тўрт йил давомида Пауэлл турли масалаларда Рамсфелд ва Чейни билан баҳслашиб келди. Аммо кўпчилик Кондализа Райс Оқ Уй раҳбарлари билан худди Пауэлл каби тортишмаслигини айтмоқда.

К.Б.: Дунёни бошқараётган қудратли давлатда катта масалалар хусусида турли фикрлилик бўлмаса, бунинг оқибати қандай бўлиши мумкин?

Ҳ.: Кузатувчилар фикрича, агар янги ҳукумат давлат раҳбари танлаган номзодлардан тузилса, сиёсат юритиш масаласида бахс-мунозаралар бўлмайди. Ҳамма бир фикрни ёқлайверади.

Нью Йоркдаги Кортлэнд университети профессори Роберт Спицер Озодлик мухбири билан суҳбатда, агар баҳс ва тортишувлар бўлмаса, маъмурият қарор қабул қилишда мувозанатни йўқотади ва бу қатор муаммолар, айниқса, ташқи сиёсат бобида муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

К.Б.: Боя айтиб ўтганимиздек, Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд сўнгги тўрт йил ичида вазирлар орасида энг кўп танқидга учраган. Шундай экан, иима сабабдан Президент Буш уни лавозмидан бўшатмаяпти?

Ҳ.: Ҳурмат Рамсфелд ҳақида сиёсатчи ва кузатувчилар турли фикрда. Бу асосан Ироқда кечаётган воқеалар билан боғлиқ.
Масалан, республикачилар партияси аъзоси сенатор Жон Мак Кейн Ироқда исёнчилар ҳужуми камаймаётгани учун куни-кеча Рамсфелдни кескин танқид қилди.

Аммо Вашингтондаги Ҳеритаж марказининг ҳарбий ва хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчиси Жеймс Филлипсга кўра, Президент Жорж Буш Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд ўз вазифасини яхши бажаряпти, деган фикрда. Шу сабабли Рамсфелд ўз лавозимини тарк этмайди.

“Defense Information” марказининг ҳарбий масалалар бўйича таҳлилчиси Маркус Корбинга кўра, Рамсфелд эгаллаб турган лавозимидан бўшатилмайди. Чунки:

”Рамсфелдни лавозимдан бўшатиш – хатоликка йўл қўйилганини тан олиш билан тенг. Рамсфелд Бушга садоқат билан хизмат қилди ва у Президентга яқин доирадагилар сирасига киради. Шунинг учун мен, Буш ундан қутулишни истайди ва унда бундай хоҳиш бор, деб ўйлайман. Менимча, йўл қўйилган камчилик ва хатоликлари қисман ўзиники ҳам бўлгани учун Буш Рамсфелднинг қўпол камчиликларини тан олишни хоҳламайди” - дея фикрини изоҳлади америкалик таҳлилчи Маркус Корбин.

К.Б.: Раҳмат Ҳасанжон.
XS
SM
MD
LG