Линклар

logo-print

Чорсудаги воқеанинг расмий тафсилотлари


Шайбон Ўзбекистон Бош прокуратураси 11 декабрь куни Тошкентнинг Чорсу бозорида милиция ходимларига ҳужум уюштирилгани воқеаси юзасидан махсус ахборот тарқатди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқованинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, 11 декабрь куни соат 7.45 да бозордаги “Болалар дунёси” дўкони қаршисида милиция ходимларига йўриқнома ўтказилаётган пайтда 1957 йилда Наманган вилоятида туғилган, ҳеч қаерда ишламайдиган, диний экстремист сифатида махсус рўйхатда турадиган Обилжон Бобоев ҳарбийнамо кийинган ҳолда уларга яқинлашган. У кийими тагидан бензин билан тўлдирилган, олов пуркашга мослаштирилган кичик газ баллонини чиқариб, милиция ходимларига зарар етказиш мақсадида ишга солган.

С.Ортиқованинг таъкидлашича, бу ҳолат бир неча дақиқа давом этган. Тезкор чора-тадбирлар натижасида О.Бобоев ушланган. Унинг ёнидан резинадан ясалган тўппонча, чархланган болтача ва паспорт топилган. Паспорт варақларида у ўз қўли билан давлат тузумига қарши эканини, давлат раҳбариятини ишдан четлаштириш лозимлигини ёзган. Дастлабки тергов чоғида О.Бобоев Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари ўзига нисбатан нотўғри ҳаракатлар қилгани учун милиция ходимларига ҳужум уюштирганини билдирган.

С.Ортиқованинг айтишича, бу воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 25 (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97 (қасддан одам ўлдириш) ва 155-моддалари (терроризм) бўйича жиноят иши қўзғатилган ва айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбланувчи руҳий экспертизадан ҳам ўтказилади.

С.Ортиқова бу жиноят туфайли милиция ходимлари қурбон бўлмагани, 97-модда эса айбланувчи қасддан одам ўлдиришга ҳаракат қилганлиги учун қўйилганини билдирди.
XS
SM
MD
LG