Линклар

Ўзбекистон чорвачилиги инқироз кўчасида


Тўлқин Чорвачилик Ўзбекистон иқтисодиёти, бошқачароқ айтганда, ўзбек халқи турмуш тарзи, фаровонлигини белгиловчи муҳим омиллардан биридир. Мутахассислар бугунги кунда мамлакатда чорвачилик инқироз ёқасига келиб қолганини айтмоқда.

Илгари ўзбекнинг бой ёки камбағаллиги унинг нечта қорамоли ёки қўйи борлиги билан белгиланарди. Ҳозир ҳам мамлакатда минг қўйли бойлар ёки биттагина сигири орқасидан тирикчилик қилаётган оилалар бор. Аммо, кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон чорвачилик ва наслчилик соҳалари тобора инқироз ботқоғига ботиб боряпти. Аввал мавжуд бўлган наслчилик ва бўрдоқичилик фермалари йўқолиб кетяпти.

Бугунги кунда чорвачилик билан кўпроқ фермерлар ва хусусий тадбиркорлар шуғулланяпти. Бироқ кўпчилик фуқаролар мамлакатда чорвачилик маҳсулотлари камайиб кетгани, борлари ҳам қиммат эканидан шикоят қилмоқда.

Қишлоқ хўжалик соҳасида узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилган, ҳозир нафақада бўлган қашқадарёлик Исмоил Раҳмонқуловнинг сўзларига қараганда, илгари вилоятда иккита – Қарши ва Шаҳрисабзда йирик сут маҳсулотлари заводлари бор эди. Уларнинг маҳсулотлари жуда сифатли эди. Қаршида чиқарилган сарёғ, Шаҳрисабзда тайёрланган пишлоқ нафақат вилоятда, бутун республикада машҳур бўлган.

И.Раҳмонқуловнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда чорва моллари сони ҳаддан ташқари камайиб қолди. Бунга хусусийлаштириш, шунингдек, алмашлаб экиш механизмига риоя қилинмаслиги сабаб бўлган. Ҳозир деҳқонлар фақат пахта ва буғдой экишга мажбур этиляпти. Қолаверса, мамлакатда наслчилик ҳам издан чиққан. Ҳукумат бу ишни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Илгари наслдор молларнинг алоҳида картотекаси бўлган. Бу иш билан шуғулланувчи махсус пунктлар фаолият кўрсатган.

Тошкент вилоятидаги “Заминдор” фермерлар уюшмаси раиси Абдураҳмон Ҳосиловнинг билдиришича, кўпгина фермерлар мол сонини кўпайтиришга эришмоқда. Аммо уларга ажратилган ер майдони жуда кам.

Интернетда эълон қилинган мақолалардан бирида ёзилишича, Ўзбекистонда “Прибалтийское”, “Австралийское”, “Германское” каби савдо ёрлиғлари билан сотилаётган сарёғ маҳсулотлари аслида қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистонда ишлаб чиқарилади. Аммо уларнинг ёғлилик, тўйимлилик ва бошқа кўрсаткичлари стандартларга жавоб бермайди. Масалан, сарёғнинг ёғлилик даражаси стандарт бўйича 72,5-99 фоизни ташкил этиши керак. Аммо Ўзбекистонда сотилаётган сарёғларда бу кўрсаткич 40 фоиздан ошмайди.

Мутахассисларнинг фикрича, сарёғ ва бошқа сут маҳсулотларининг сифати фақат ёғлилигига эмас, балки таркибидаги витаминлар, турли элементлар миқдорига ҳам боғлиқ. Бунинг учун эса, аввало, сутда зарур элементлар бўлиши керак. Бундай сут олиш чорва емишига бориб тақалади.

“Заминдор” фермерлар уюшмаси раиси А.Ҳосилов чорвачилик соҳаси тақдири фақат фермерларга ташлаб қўйилмаслиги кераклигини, уни ривожлантириш учун ҳукумат катта эътибор қаратиши лозимлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG