Линклар

Қарздорлар Президентдан мурувват кутмоқда

  • Садриддин Ашур

“Эрк” демократик партиясининг бир гуруҳ фаоллари аҳолининг коммунал хизматлар, электр энергияси ва газдан қарзларини кечиш тўғрисида Ўзбекистон Президентига мурожаатнома ёзиб, имзо тўплаш жараёнини бошлаб юборди.

Ўзбекистонда коммунал хизматлар, электр энергияси, газ, ичимлик сув учун тўловлар баҳоси муттасил ошиб бораётгани учун аҳоли катта миқдорда қарз бўлиб қолган. Фуқаролар ишлаб топаётган даромад бу тўловларни амалга оширишга етмаётир. Шунинг учун “Эрк” партияси аъзолари Президентдан мазкур қарзлардан кечишни сўраш ташаббуси билан чиқиб, имзо йиғиш жараёнини бошлаб юборди.

Иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг сўзларига қараганда, ушбу мурожаатномага, асосан, кам таъминланган оилалар вакиллари имзо чекмоқда. Бугунги кунда биргина Тошкент шаҳрининг ўзида мурожаатномага мингдан ортиқ киши қўл қўйган. Шунингдек, Фарғона водийсида, Қорақалпоғистонда имзо тўплаш жараёни кетмоқда.

Ж.Шосалимовнинг таъкидлашича, 1999 йилдан кейин коммунал тўловлар баҳоси тез суръатлар билан ўса бошлаган. Бунда аҳолининг тўлов қобилияти ҳисобга олинмаган. Фуқароларнинг 50-60 фоизи тўловларни амалга оширишга ноқобил бўлиб қолган.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғуновнинг фикрича, бу қарзлар аҳолининг айби билан тўпланиб қолгани йўқ. Қарзлар келиб чиқиши Президент томонидан олиб борилаётган нотўғри иқтисодий сиёсат натижасидир. Шунинг учун мурожаатнома Президент номига ёзилган. Мурожаатномада қарзлар аҳолининг миллий бойликдаги улуши ҳисобига кечиб юборилиши сўралган.

А.Турғунов 1996 йилдан 2004 йилгача коммунал хизматларнинг ойлик маошларга нисбатан қанчалик тез ўсгани борасида олиб борган кузатувини баён қилди.

“Шу давр оралиғида марказий иситиш тизимида нархлар ўсиши 380, иссиқ сувда 284, совуқ сувда 153, газда 216, электр энергиясида 35, транспортда 40 баробарни ташкил этган. Энг кам иш ҳақи эса бу вақтда 26, энг кам нафақа миқдори 20 баробар ўсган”, - деди А.Турғунов.

А.Турғуновнинг билдиришича, мустақилликдан сўнг ЖЭКлар ўрнига уй-жой мулкдорлари ширкатлари тузилган. Бироқ бу билан уларнинг моҳияти ўзгармай қолаверган. Аҳоли имкони борича коммунал хизматлар учун ҳақ тўласа ҳам уларнинг капитал таъмирга муҳтож уйлари таъмирланмаган.

Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод, Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти проректори Ҳабибулла Оқиловнинг айтишича, коммунал хизматлардан фойдаланишда аҳолининг танлаш ҳуқуқи йўқ. Масалан, Тошкентда иситиш тизими монополлаштирилган. “Тошиссиққувват” ташкилоти ўзи истаган нархларни қўймоқда. Муаммони ечиш учун коммунал хизмат кўрсатишнинг муқобил турларини ташкил этиш керак.

А.Турғуновнинг эътирофича, Президент аҳолининг коммунал хизматлардан қарзини кечса ҳам муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Чунки кейинчалик қарзлар яна тўпланиб бориши мумкин. Зеро, коммунал тизимни бошқариш нотўғри йўлга қўйилган.

А.Турғуновнинг маълум қилишича, Тошкентнинг Собир Раҳимов туманида коммунал хизматлардан қарзи бир миллион сўмга яқинлашиб қолган хонадонлар бор. 200 га яқин хонадондан ҳар бирининг қарзи эса 50 мингдан ортиқ.
XS
SM
MD
LG