Линклар

logo-print

Журналистлар ҳуқуқлари ҳимоячилари уюшма фаолиятидан норози


Шайбон Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилотининг куни-кеча тарқатилган баёнотида мамлакатдаги Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси (ЭОАВМУ) фаолияти танқид қилинади.

Баёнотда айтилишича, уюшма мустақил телевидениелар фаолиятига жиддий тўсқинлик қилмоқда. Уюшманинг бевосита аралашуви оқибатида аксарият мустақил телевидениелар айрим кўрсатувларни эфирга беришни тўхатишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ташкилоти раҳбари Юсуф Расуловнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, ЭОАВМУнинг бу ҳаракатлари ҳукумат томонидан уюштирилмаётганмикин, деган хавотирлар туғдирмоқда. Чунки мустақил телевидениеларда ҳукуматга ёқмайдиган хорижий телеканаллар кўрсатувларини трансляция қилиш тақиқланяпти. Масалан, телевидениелар “Америка овози” телевидениеси кўрсатувларини эфирга узатиб келаётган эди. Бироқ миллий уюшма ташкил этилгандан сўнг бу борадаги шартномалар бекор қилинмоқда. Шунингдек, уюшма талаби билан аксар мустақил телевидениелар “Интерньюс” ташкилоти маҳсулоти бўлмиш “Замон” ва “Очиқ Осиё” кўрсатувларини эфирга беришни тўхтатган.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, “Америка овози” телевидениесининг Ўзбекистонда ретрансляция қилинаётган кўрсатувлари, асосан, америкаликлар турмуш тарзи ва маданияти, илм-фандаги ютуқлари ҳақида ҳикоя қилади. Яъни бу кўрсатувларда Ўзбекистоннинг на ички, на ташқи сиёсатига тааллуқли лавҳалар учрамайди.

ЭОАВМУ матбуот котиби уюшма раҳбарияти тарқатилган баёнотда билдирилган фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди, деб ҳисоблашини маълум қилди. Унинг айтишича, баёнотда бирор аниқ факт келтирилмаган. Вазиятни ойдинлаштириш учун уюшма вакиллари баёнот муаллифлари билан, агар шундай ташкилот мавжуд бўлса, учрашишга тайёр. Тез кунда уюшма ушбу баёнотга расман жавоб қайтаради.
XS
SM
MD
LG