Линклар

logo-print

Ҳужжатлар нега МСКга жўнатилмади?


Лобар Хабарларга қараганда, ташаббус гуруҳи орқали номзоди Қонунчилик палатаси депутатлигига 61-Сайхун сайлов округидан кўрсатилган Хайринисо Назарованинг ҳужжатлари Марказий сайлов комиссиясига юборилмаган.

Сирдарё вилоятидаги 61-Сайхун сайлов округидан Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиш учун бешта номзод кураш олиб боради. Халқ демократик партияси, “Миллий тикланиш”, “Фидокорлар” ва Либерал демократик партиялардан биттадан, ташаббус гуруҳи орқали ҳам битта номзод кўрсатилган.

Сирдарё вилояти истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти раисаси Хайринисо Назарова ташаббус гуруҳи орқали шу округдан ўз номзодини қўйган эди. Умуман округдан учта ташаббус гуруҳи ҳужжат топширган.

Х.Назарованинг сўзларига қараганда, унинг барча ҳужжатлари қонунчилик талабларига мос ҳолда ўз вақтида округ сайлов комиссиясига топширилган. Лекин кейинчалик маълум бўлишича, бу ҳужжатлар МСКга жўнатилмаган.

Х.Назарованинг таъкидлашича, ташаббус гуруҳига имзо варақалари жуда кеч – имзолар топшириш муддатига бир кун қолганда берилган. Ҳолбуки, Сирдарё, Сайхунобод ва Гулистон каби катта туманларда пропорционал равишда 10 мингга яқин имзо йиғишнинг ўзи бўлмайди. Округ сайлов комиссияси эса барча номзодларга имзо варақалари бир кунда берилганини билдирган.

Бошқа номзодларнинг шу вақт ичида зарур имзоларни тўплай олганидан Х.Назарова таажжубда эканини маълум қилди.

“Қандай қилиб бир киши бир кунда 10 мингта имзо йиғиб келиши мумкин? Бу мумкин эмас, назаримда. Демак учта ташаббус гуруҳининг ҳам ҳужжатлари қайтарилиши керак эди. Лекин негадир фақат менинг ҳужжатларим рад этилган”, - деди Х.Назарова.

Х.Назарова бундай ҳолда бўлажак сайлов қонуний ўтишига ҳеч қандай ишончи йўқлиги билдирди.

61-Сайхун округ сайлов комиссияси котиби Назиржон Раҳимовнинг билдиришича, сайловда қатнашиш учун ариза берган учта ташаббус гуруҳидан биттасининг ҳужжатлари МСК томонидан тасдиқланган. Бир номзод ихтиёрий равишда аризасини қайтариб олган. Х.Назарованинг ҳужжатларини рўйхатга олиш рад этилган.

Н.Раҳимов Х.Назарованинг ҳужжатлари МСКга юборилмагани сабабини тушунтириб бера олмади. У бу борада тузилган протоколнинг сейфдалиги, калит эса округ сайлов комиссияси раисида эканини айтиш билан чекланди, холос.
XS
SM
MD
LG