Линклар

logo-print

Қозоғистон Олий таълим вазири истеъфога кетди

  • Барно Анвар

Қозоғистон Олий таълим вазири Жахсибек Қуликкев истеъфога кетди. Расмий маълумотларга кўра, у ўз ҳоҳишига кўра ишдан бўшашга қарор қилган. Энди Қозоғистон жамоатчилиги бу амалдор ўз ҳоҳиши билан ишдан кетдими ёки бунинг бошқа сабаблари борми, дея мунозара қилмоқда. Тилга олинаётган сабаблардан бири ҳақида аввалги дастурларда тўхталган эдик. Декабр ойи бошларида қозоғистонлик талабалар Жахсибек Қуликеев истеъфога чиқсин, акс ҳолда бир 16 декабр куни норозилик намойишига чиқамиз, деб огоҳлантирган эдилар. Аммо қозоғистонлик кузатувчи ва сиёсатчилар фикрича, Олий таълим вазирининг кетишига сабаб фақат шугина эмас. Тафсилотларни ҳамкасбим Нодира давом эттиради.

Ҳозиргина бошловчимиз эслатганидек, шу йил декабр ойи бошларида Қозоғистонда олий таълим учун тўлов нархлари оширилгани боис, талаблар қаттиқ норозилик билдирган ва вазир Қуликеевнинг истеъфосини талаб қилган эди. Қозоғистон президенти аввалига вазирга хайфсан эълон қилди ва унинг ёрдамчисини ишдан бўшатди. Аммо, талабалар буни етарли чора, деб қабул қилмади. Аксинча, Қозоғистон ватанпарвар ёшлари уюшмаси “Қуликеев лавозимидан кетсин!” деган қўмита тузиб, ишга қаттиқ киришди. Қисқа фурсатда салкам 800 аъзо тўплаган қўмита, агар вазир истеъфо бермаса, 16 декабр куни норозилик намойиши ўтказамиз, деб огоҳлантириш берди. Эслатиб ўтамиз, бундан 18 йил муқаддам айнан 16 декабр куни Қозоғистонлик талабалар биринчи марта сиёсий норозилик намойиши ўтказган ва бу ҳодиса “Желтоқсан воқеаси” номи билан тарихда қолган эди.

14 декабр куни Олий таълим вазири Жахсибек Қуликеев истеъфо берди. Қозоқ талабалари муддаосига етди. Бу —Марказий Осиё республикаларида аввал учрамаган ҳодиса сифатида баҳоланмоқда. Айни вақтда, Олий таълим вазирининг ўз аризасига кўра лавозимидан кетган-кетмагани Қозоғистонда баҳс бўлаяпти. Айрим кузатувчилар талабаларнинг истаклари инобатга олинди, деб ҳисобламоқда. Яна айримлари эса бу ҳукумат ичидаги талаш-тортишувлар натижаси, унинг лавозими кимгадир керак эди, вазиятдан фойдаланиб қолди, деган тахминни билдирмоқда.

“Авлод тақдири — билим” жамоатчилик ташкилоти раиси Эрсайин Эрхўжа фикрича эса, Жахсибек Қуликеевнинг истеъфога кетиши, биринчи навбатда, сиёсий мазмунга эга.

“Қозоғистонда бирор бир амалдорнинг ўз ҳоҳиши билан лавозимидан кетиши мумкин эмас. Биздаги амалдорларда бундай хусусият йўқ. Бу ҳукуматнинг иши. Биз ёшларнинг талабларига қулоқ соламиз, бизда демократия бор, деган фикрни ёшларга сингдириш учун шунақа ўйин қилаяпти”.

Қозоғистонлик сиёсатчи Жасарал Қуванчали фикрича, Қуликеевнинг Олий таълим вазири этиб тайинланишига бошданоқ норозилик билдирганлар кўп бўлган. Боиси, Қуликеев таълим соҳаси мутахассиси эмас эди, дейди у.

“Биринчидан, у таълим соҳасидан узоқ эди. Иккинчидан, фаолияти давомида ўзнинг бир қатор қилмишлари билан лавозимига лойиқ эмаслигини ҳам кўрсатиб улгурди”.

Айни пайтда, собиқ вазир Қуликеевнинг мамлакат таълим тизимига кўпгина хизмати сингди, дея эътироф этаётганлар ҳам бор. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам, эндиликда у лавозимидан бўшади. Қозоғистон талабалари эса Жахсибек Қуликеев даврида таълим нархлари оширилди, деган хулоса билан қолди.

Шу ўринда савол туғилади: Қуликеев кетди, Қозоғистон талабалари шу билан муддаога етдими? Ҳозир Қозоғистонда бораётган баҳснинг асосий мавзуи ҳам шу.

Қуликеев ўрнига янги вазир тайинланди. У бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаётган Бирғаним Айтимова. Шунингдек, у Қозоғистон парламенти юқори палатаси — Сенат депутати, Қозоғистоннинг Исроил ва Италиядаги собиқ элчиси.

Ҳозир талабалар Жахсибек Қуликеев ўрнига Бирғаним Айтимова тайинланганидан хурсанд бўлишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмай туришибди. Сиёсатчи Жасарал Қуванчали фикрича, Айтимовани деярли ҳеч ким танимайди ва таълим соҳасида кўрсатган қайси хизматлари учун унинг вазир этиб тайинлангани ҳам номаълум.

“Бирғаним Айтимованинг бу лавозимга тайинланиши жуда ғалати. Чунки, у ҳам таълим соҳасидан мутлақо йироқ. Бунинг устига эл-юрт уни танимайди. Дипломатик лавозимларни қандай олиб борган — мутлақо номаълум. Айтимова жуда ёпиқ одам. Олий таълим соҳасини эплаб кетишига, тўғриси, менинг кўзим етмайди”.

“Авлод тақдири — билим” жамоатчилик ташкилоти раиси Эрсайин Эрхўжа Қуликеевнинг истеъфога кетиши аслида ҳукумат ўйини эканига, унинг ўрнига Бирғаним Айтимованинг тайинлангани далилдир, деб ҳисоблайди. Эрсайин Эрхўжа фикрича, қозоғистонлик талабалар “шамолдан қутулиб, ёмғирга тутилди”.

Аммо Қозоғистон Парламенти депутати Онғалбой Аяшев буни бутунлай инкор қилди. Унинг фикрича, собиқ вазирдан фарқли равишда Бирғаним Айтимова жуда тажрибали раҳбар. У бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган вақтида асосий эътиборни айнан таълим соҳасига қаратди, буни жамоатчилик яхши билади, дейди Аяшев.

“Бирғаним Айтимова вазир бўлиб ишлаган, элчи бўлиб ишлаган. Бу лавозимларни жуда яхши эплаган. Бош вазир ўринбосари бўлган вақтда эса асосий эътиборни таълимга қаратди. Мен ўйлайманки, бу лавозимга у жуда тўғри тайинланди”.

Хуллас, Қозоғистонда Олий таълим вазирининг истеъфога кетгани ва унинг ўрнига янги вазир тайинлангани хусусида турли фикрлар билдирилмоқда. Барча мунозараю баҳслар замирида келажаги кўзланаётган талаба ёшлар эса ҳозирча жим туришибди.
XS
SM
MD
LG