Линклар

logo-print

Ўзбекистонда Россиянинг “1-канал”и мухбири иш бошлади


Шайбон Хабарларга қараганда, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг “1-канал” телекомпанияси мухбирини аккредитация қилган. Бир неча йиллардан буён ушбу телеканал Ўзбекистонда ўз мухбирига эга эмас эди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокиров “1-канал” мухбири аккредитация қилинганини тасдиқлади. Аммо, унинг айтишича, “1-канал” ўз мухбири учун вақтинчалик аккредитация сўраган ва вазирлик бу илтимосни қаноатлантирган, яъни мухбир уч ойга аккредитация қилинган.

Ўзбекистонда “1-канал” мухбири сифатида иш бошлаган Улуғбек Эргашевнинг таъкидлашича, канал раҳбарияти билан келишувга кўра, у вақтинчалик аккредитациядан ўтади ва бу муддат ичида ўз ишини кўрсатиши керак. Агар журналистнинг иши маъқул бўлса, узоқ муддатли аккредитация сўралиши мумкин. “1-канал” кейинги йилнинг баҳорида Тошкентда ўз мухбирлик бўлимини очишни режалаштирган.

Ҳозиргача Россиянинг бирорта телеканали Ўзбекистонда ўз мухбирлик бўлимига эга эмас. И.Зокировнинг айтишича, Россия телеканаллари мухбирлари Ўзбекистонга келиб туради, бироқ мухбирлик бўлими очиш ҳақида ҳали бирорта таклиф тушгани йўқ.
XS
SM
MD
LG