Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:50

Депутатлар нима қилиши керак?


Зикрилло Ишонч Ўзбекистонда кўпчилик депутат ким ва нима вазифани бажариши ҳақида етарли тушунчага эга эмас. Билганлар эса улар фақат ҳукумат кўрсатмаси билан ишлашини таъкидлайди.

Халқ демократик партияси марказий кенгаши котиби Собиржон Усмоновнинг сўзларига қараганда, Қонунчилик палатаси депутатлари қабул қилиниши керак бўлган қонунлар устида ишлайди. Улар қонунлар ижроси мониторингини ҳам амалга оширади. Депутатлар ўзлари мансуб бўлган партиялар дастурларидан келиб чиқиб, қабул қилинадиган қарор ва қонунларга муносабат билдириши мумкин.

Фуқаро Жамолидин Пўлатнинг фикрича, депутатлар ўзлари сайланадиган округ аҳолиси муаммоларини ҳал қилишда қонунчилик органи имкониятларини ишга солиши керак. Улар чиқарилаётган қонунларнинг аҳоли манфаатларига қанчалик мос келишини назорат қилиши лозим.

“Олий Мажлисда қонунлар кўпчилик овоз билан қабул қилиниб келинади. Залдаги 205 депутатдан камида 203 таси шу қонунни маъқуллайди. Қачон қонун бу каби якдил, 90 фоиздан ортиқ овоз билан қабул қилинади? Қачонки, қонунни ҳеч ким тушунмаса ёки эътибор бермаса. Бизнинг парламентда эса доимо шундай бўлиб келган. Депутатлар қабул қилинаётган қонунларни тўлиқ ўрганмайди. Улар учун қандай қонун қабул қилинаётганининг фарқи йўқ. Қонунлар устида халқ манфаатидан келиб чиқиб талашиб-тортишиш керак”, - деди Ж.Пўлат.

Ж.Пўлатнинг айтишича, иқтисодиётни давлат таъсиридан озод қилиш янги сайланадиган депутатлар эътиборида бўлиши зарур. Масалан, ҳукуматнинг пул-кредит сиёсати борасидаги дастури депутатлар томонидан чуқур ўрганилиши ва мунтазам назорат қилиб борилиши катта аҳамият касб этади. Шунингдек, депутатлар солиққа тортиш тизимини қайта кўриб чиқиши шарт.

Фуқаро Эгамберди Ҳақмуродовнинг таъкидлашича, бўлажак депутатлар икки масалага, яъни коррупцияга қарши курашиш ва жуда катта даромад қилаётган фуқароларнинг солиқ тўлашини назорат қилишга эътибор қаратиши лозим.
XS
SM
MD
LG