Линклар

Ҳуқуқ ҳимоя қилинса, давлатдан норозилик кайфияти бўлмайди


Феруза Тошкент шаҳри адвокатлар коллегияси раисаси Гулнора Эшонхонова номзоди “Фидокорлар” партияси томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган. “Озодлик” мухбири у билан суҳбатда бўлди.

Мухбир: Партия платформаси ва ўзингизнинг сайловолди дастурингизда қандай масалаларни кўтариш белгиланган?

Г.Эшонхонова: Партия дастурининг суд ислоҳотларига тааллуқли жиҳатларига эътибор қаратсак. Унда милиция, Миллий хавфсизлик хизмати, давлат хизмати тўғрисида, ҳуқуқ-тарғибот органлари устидан жамоатчилик назоратини кенгайтириш тўғрисида қонунлар қабул қилиниши лозимлиги белгиланган. Ўзимнинг сайловолди платформамда эса суднинг жиноят иши қўзғатиш ҳуқуқини бекор қилиш кераклиги таклиф этилган. Зеро, суд холис дер эканмиз, унинг бундай ваколатга эга бўлиши ноўриндир.

Мухбир: Ўзбекистонда яхши қонунлар кўп. Лекин уларнинг айримлари амалда ишламайди. Бу ҳолат аҳоли ўртасида янги чиқариладиган қонунлар тақдири ҳам шундай бўлади, деган хавотир уйғотиши табиий. Сизнингча, қонунларнинг амалда ишлаш механизми қандай бўлиши ва бу борада нима ишлар қилиниши керак?

Г.Эшонхонова: Айрим қонунларда баъзи ҳолатлар қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилади. Баъзи пайтларда ўша тартибнинг ўзини топиб бўлмайди. Шунингдек, қонун ижро этилмаганда жавобгарлик масаласи ҳам тушунарсиз.

Мухбир: Баъзи қонунларга кўникмай туриб янгиси чиқиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Депутатликка сайлансангиз бу каби ҳолатларга қарши курашиш ваколатингиз бўладими?

Г.Эшонхонова: Сиз айтган ваколатга эга органлар ҳозир ҳам бор. Масалан, парламент назорати мавжуд. Қолаверса, Конституциявий суд ҳам бу ҳолатларни ҳал этиши мумкин.

Мухбир: Сўнгги вақтларда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти томонидан инсон ҳуқуқлари паймол қилинаётган давлат сифатида эътироф этилмоқда. Бу эътирофга далил-исботлар бор, албатта. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни яхшилаш учун қандай ишлар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

Г.Эшонхонова: Бу каби муаммолар барча давлатларда бор. Бунинг илдизи нимада? Ҳуқуқ-тартибот органларидаги кадрлар яхши эмас. Ёки қонунлар яхши ишламайди. Ўйлайманки, кадрлар билан ишлаш, уларни аттестация қилиш, халқаро стандартларни ўрганиш муаммони ечишга ёрдам беради.

Мухбир: Ўзбекистонда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қиладиган қандай қонунлар қабул қилиниши керак, деб ўйлайсиз?

Г.Эшонхонова: Ҳозир миграция масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Партиямиз дастурида бу масалага ҳам тўхтаб ўтилган. Биз инсонни ва унинг ҳуқуқларини ҳар нарсадан устун қўйишимиз керак. Инсоннинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинса, унда давлатдан норозилик кайфияти бўлмайди.
XS
SM
MD
LG