Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:38

Муҳаммад Солиҳ – 55 ёшда


Тўлқин Жорий йилнинг 20 декабрида таниқли ўзбек шоири Муҳаммад Солиҳ 55 ёшга тўлади. “Озодлик” мухбири Муҳаммад Солиҳ билан адабиёт ва ижод мавзусида суҳбатда бўлди.

Шу ўринда Муҳаммад Солиҳ ҳақида қисқача маълумот. М.Солиҳ 1949 йилда Хоразм вилоятида туғилган. Илк шеърий китоби 1977 йилда чоп этилган. 1977 йилдан то шу кунгача ўнлаб шеърий, насрий ва публицистик китоблари, таржималари Ўзбекистонда ва хорижда чоп этилган. Асарлари рус, украин, латиш, эстон ва турк тилларига таржима қилинган.

Мухбир: Бугунги кунда бадиий ижод ва таржима билан шуғулланяпсизми?

М.Солиҳ: Агар "ижод" деб шеър ва бадиий таржимани назарда тутаётган бўлсангиз, афсуски, ижод билан шуғулланаётганим йўқ. Аммо таржима билан шуғулланяпман. Таржима қилаётганим модада бўлмаган бир китоб. Балки ҳеч қачон мода бўлмайдиган китобдир. Ўзим учун, тўғрироғи ўз нафсимга таскин бериш учун, "сен ҳам бу дунёда бир савоб иш қилдинг", деб уни юпатиш учун қилаётганим бир иш. Бу таржиманинг инсонларга фойдаси тегар, деган умиддаман.

Мухбир: ХХ асрда ўзбек ижодкорлари қандай синовларга дуч келди ва бу синовлардан қандай ўта олди, деб ўйлайсиз?

М.Солиҳ: Бу саволингизга жавоб беришдан олдин афсус билан бир парча шеър ўқимоқчиман:

Қарғалган миллати ҳўкиздай ишлаб,
Раҳматнинг ўрнига эшитар миннат,
Бор-йўғини дунёнинг пойига ташлаб,
“Ўғри” деб ном олар қарғалган миллат.

Қарғалган миллатнинг келажаги тул,
Дарёлари қуриб, чирир ерлари,
Қарғалган миллатнинг болалари - қул,
Аёллари тумсо, бепушт эрлари.

Қарғалган миллатнинг қозиси - фосиқ,
Олими - савдогар, илм сотиб яшар.
Шоирлари эса ақлдан озиб,
Душмандан мукофот олмоққа шошар…

Бу шеър 1987 йил ёзилганди, аммо у бугунги аҳволимизга кўпроқ мос келади.
Фикримча, икки мингинчи йиллар ва ўтган асрнинг 90-йиллари бошидаги синовдан ўтган ва ўта олмаганлар сони орасидаги фарқ худди 30-йилларда Сталин қатағонида синовдан ўтган ва ўта олмаганлар сони ўртасидаги фарқ каби каттадир. Яъни синовдан ўта олмаганлар минглар бўлса, ўтганлар сони юзтага ҳам етмаса керак.

Мухбир: Ижодий қувватга тўлган бир пайтда тўсатдан сиёсатга ўтиб кетдингиз ва илгаригидай кўп ёзмай қўйдингиз. Кўплаб мухлисларингиз бундан афсусланди ҳам. Ўзингизда ҳам шундай туйғу кечдими?

МС: Йўқ, афсусланганим йўқ. Сиёсатга кирдим, чунки бу бир миллий вазифа эди, вазифа ҳали битмади. Сиёсатни шеърдан устун қўйдим, чунки сиёсат қулликдан қутилиш йўлида, озодлик йўлида шеъриятга нисбатан кучлироқ восита эди. Уни мақсадга эришгунча қўллашга қарорим қатъий. Мен сиёсатни давом эттирмоқчиман. Балки бир кун келиб шеър ҳам ёзиш мумкиндир. Аммо бугун бу ишни қилишга вақт йўқ.

1975 йилда ёзган шеъримда қуйидаги мисралар бор:

Менда ахир имкон бор ҳали
“Шеър – севги” деб алдамасликка
Озодликни севган инсонни!
Бисотимда имкон бор, ахир
Қаламни синдириш имкони!

Мен халқимизнинг озодликка эришиш имкони пайдо бўлганини кўрган кунимда шеър ёзадиган қаламимни синдирдим.

Қуйидаги Муҳаммад Солиҳ шеърларидан намуналар берилган.

*
*
*

Ғариб дарахт

Одамлар каби мен дунёни кезиб
ёза олмадим-ку шеърий туркумлар,
чунки ота юртдан чиққаним сезиб,
тарк этарлар мени ҳижо, рукнлар.

Чунки келиши-чун кўзларимга ёш,
пайдо бўлиши-чун илҳом юракда,
менга жуда зарур аччиқ бир қуёш,
кескин континентал иқлим керакдир.

Шундай экан, денгиз қирғоқларидан,
яшил ўрмонлардан менга сўз очма,
мен ёлғиз Туркистон тупроқларида
ўса оладиган ғариб оғочман...
(1994)

*
*
*

На гўзал

Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли
кураш бошлар экан тарафма-тараф,
ожизнинг ёнини олганинг учун
"хоин" деб ном олмоқ нақадар шараф!

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
"менинг душманим" деб сени атаса,
жазавага тушса исминг эшитган чоғ,
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

На шараф-ки зулмга "зулм!" деёлсанг,
бошингда ҳар куни синса-да таёқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!
(1994)

*
*
*

Миш-миш

"Ўша сизлар билган шоир М.Солиҳ
аллақачон ўлган, йўқ бўлган, синган!
Дунёни тарк этиб дарвиш мисоли
берилган эмиш у тамоман динга!"...

Қани, тўғри бўлса авомнинг гапи,
аввалги М.Солиҳ ўлган бўлсайди,
юраги дарвишлар юраги каби
динга, фақат динга тўлган бўлсайди!
(2003)

*
*
*

Маҳшар кунида

Орзу этмакдаман: ҳисоб кунида
Раббим кўрар экан менинг ишимни,
менга "қулим Солиҳ" дейиш ўрнига
"солиҳ қулим" дея сасланишини..
(2003)

*
*
*

Ҳаё

Оллоҳим, авлиёлар жаннатни сендан
ҳаё этгани-чун сўрамадилар.
Мен эса сўрадим, сўрамасликдан
ҳаё этганим-чун сўрадим, ё Раб.
(2003)

*
*
*

Қўрқув

Бу дунё мастликдир. Қўрқяпман қараб:
Ҳеч кимдан қўрқмасмиш инсон мастликда -
сендан қўрқмасликдан қўрқяпман, ё Раб,
сенга сиғиняпман сиғинмасликдан!
(2003)
XS
SM
MD
LG