Линклар

Сирдарёда ёш фоҳишалар кўпайиб бормоқда


Лобар Ўзбекистонда ёшлар ўртасида фоҳишабозлик кучайиб бораётгани сабабли тери-таносил касалликлари тарқалиши ҳам авж олган. Бундай ҳолатни Сирдарё вилоятида ҳам кузатиш мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сирдарё вилоятида таносил касалликлари, жумладан, ўткир сўзак ва захмга чалинган беморлар сони ортиши кузатиляпти. Бу касалликларни орттирганлар орасида ёшларнинг кўплиги анча ташвишланарлидир. Фоҳишалар аксарият ҳолларда ички ишлар ходимлари томонидан ушланиб, текширувдан ўтказилгандан кейингина уларнинг касал экани аниқланмоқда.

Ховос туманида яшовчи 15 ёшли Гўзалда ўткир сўзак касаллиги борлиги у Гулистон шаҳри ички ишлар ходимлари томонидан ушлангандан сўнг маълум бўлди.

Гўзалнинг айтишича, у касалликни Тошкентда юқтирган бўлиши мумкин. Лекин шу вақтгача касал эканини билмаган.

Шифокорларнинг сўзларига қараганда, тери-таносил касалликларининг аксарияти кўп ҳолларда оғриқсиз кечади. Шунинг учун касалликни юқтирганлар узоқ муддат бундай бехабар қолади. Бу эса касаллик тарқалиши хавфини янада кучайтиради. Ўткир сўзак охир-оқибат кўзи ожизликка, эркакларда эса бепуштликка олиб келади.

Сирдарё вилояти ОИТС маркази бош шифокори Ойбиби Хўжаеванинг билдиришича, жинсий йўл билан юқадиган касалликларнинг йигирмадан ортиқ тури бор. Вилоятда ОИТСга чалинганлар сони олтмишдан ошган. Бундай беморларнинг кўпчилиги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтамоқда.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган ички ишлар ходимининг маълум қилишича, ҳозир Гулистон шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланувчи 20 га яқин хотин-қиз рўйхатга олинган. Уларнинг аксарияти балоғат ёшидаги - 14-16 ёшгача бўлган қизлардир.
XS
SM
MD
LG