Линклар

Туркманча демократия

  • Сарвар Усмон

Якшанба, 19 декабрь куни Туркманистонда парламент сайлови ўтказилади. Мамлакат парламенти – Мажлисдаги 50 депутатлик ўрни учун 140 нафар номзод ўзаро куч синашади.

Халқ қандай тамаки чекиши мумкин? Қандай театрларга борса бўлади? Қайси газеталар ўқиши мумкину қайсиларини мумкин эмас? Халққа қанча дўхтир керак? Шу ва шунга ўхшаш юзлаб саволлар жавобини фақат ва фақат президент Ниёзов билади. Битта ўзи билади.

Демакки, парламентдаги депутатлик ўринлари учун ҳам қанча номзод курашиши кераклигини Туркманбоши ҳал қилади.

Мамлакат телевидениеси орқали ўтган ҳафтада қилган чиқиши чоғида президент Марказий сайлов комиссиясига кўрсатмалар берар экан, Мажлис депутатлигига номзодлар қаерларда, қайси амалларда ишлаганлари тўғрисида батафсил ёзма маълумот беришлари лозимлигини уқтирди.

Ниёзов, шунингдек, парламент депутати қандай сифатларга эга бўлиши кераклигига ҳам тўхталиб, жумладан бундай деди:

"Улар билимли, зиёли одамлар бўлмоғи керак. Биз билмаган одамлар бўлмасин. Ҳар-хил номзодлар бўлсин. Бизга юристлар, қонунларни ёза биладиган, Туркманистоннинг обрўсини халқаро ташкилотлар олдида ҳимоя қила оладиган одамлар керак".

Бироқ, мухолифат вакиллари фикрича, парламентга қанчалик билимли мутахассислар сайланмасин, бундан ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки ҳар бир масала бўйича қарорни охир-оқибат Ниёзовнинг ўзи қабул қилади.
Туркманистоннинг собиқ бош вазири, мухолифатдаги "Ватан" ҳаракати асосчиси Худайберди Ўразов Озодлик мухбири билан суҳбатда бундай деди:

"Мажлисдаги 50 киши маош олиб ўтиради холос. Улар ҳеч қандай қонунни муҳокама қилмайди. Қабул қилинадиган қонунларнинг ҳаммаси президент девонида тайёрланади. Уларни Ниёзов имзолайди, шундан кейин ўша имзоланган ҳужжатлар Мажлисга юборилади".

Халқаро кузатувчилар ҳам, мамлакатдаги сайловчилар каби, 19 декабрда ўтказиладиган сайловга қизиқиш билдирмаяптилар. Чунки, уларнинг фикрича, бу сайлов Туркманистоннинг сиёсий ҳаётига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Очиқ жамият институтининг Туркманистон лойиҳаси директори Эрика Дейли ўзи ва у ишлаётган ташкилот Туркманистонда ўтажак сайловга жиддий эътибор билан қарамаётганликларини айтар экан, бундай дейди:

"Бу сайлов номигагина сайлов холос. Бу сайлов сиёсий қарашлар ифодаси бўлмаслиги равшан кўриниб турибди. Мажлисдаги ҳар бир ўринга тақрибан икки нафардан номзод бўлса ҳам, аслида номзодларнинг барчаси битта томоннинг, битта партиянинг одамлари. Бу фақат битта платформа. Атрофдагиларни ташвишга солаётган нарса номзодларнинг бир-биридан фарқ қилмаслигидир. Яъни бу сайлов совет давридаги сайловнинг ўзгинаси. Демократмиз, деган иддао бор, холос".

Туркманистон парламенти – Мажлис депутатлигига сайловлар сўнгги бор 1999 йил декабрда ўтказилган эди. Ўшанда расмийлар овоз беришга сайловчиларнинг 99,6 фоизи иштирок этди, деб баёнот бергандилар.

Очиқ жамият институти вакили Эрика Дейли бу сафар ҳам ана шундай рақамлар эълон қилинишига ишонади ва бундай дейди:

"Албатта, кўпчилик овоз беришга қатнашишдан ҳеч қандай маъно йўқлигини яхши тушунади. Бироқ, совет давридагидай, одамларда сайловга бориш зарурати ҳиси пайдо бўлади. Чунки ҳеч ким ишхонасида, қўни-қўшнилари орасида давлатга ҳайрихоҳ бўлмаган одам бўлиб кўринишни хоҳламайди".
XS
SM
MD
LG