Линклар

logo-print

“Адолат” ижтимоий адолатни талаб қилади


Шайбон “Озодлик” мухбири “Адолат” социал демократик партияси марказий кенгаши котиби Дилором Тошхўжаева билан партиянинг бўлажак парламент сайловидаги иштироки тўғрисида суҳбатлашди.

Суҳбат аввалида Д.Тошхўжаева партия сайловга “Инсон манфаати – энг олий қадрият” шиори остида қатнашаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, партиянинг барча хатти-ҳаракатлари фуқаролар фаровонлигига йўналтирилган. Социал демократия асосида ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик ғоялари ётади. Партия, аввало, ижтимоий адолатнинг барча соҳаларда қарор топишига интилади.

Мухбир: Ижтимоий адолат масаласи Ўзбекистон халқ демократик партияси платформасидан ҳам ўрин олган. Табиий савол туғилади, бу масала бугунги кунда Ўзбекистон учун нечоғлик долзарб?

Д.Тошхўжаева: Бу масала социал демократия ғояларининг биринчисидир. Бизнинг мақсадимиз бу йўналишни янада ривожлантириш, яъни фуқароларимиз ҳаётини янада яхшилашдир.

Мухбир: Партия платформасидаги бошқа муҳим масалаларга ҳам тўхталсангиз.

Д.Тошхўжаева: Мамлакатдаги ҳуқуқ-тартиботни, осойишталик, фуқаролар тинчлиги, ҳуқ-ҳуқуқлари дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраш партия ўз олдига қўяётган мақсадлар сирасига киради. Шунингдек, “Адолат” суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни танқидий-таҳлилий баҳолаб, уларни янада чуқурлаштириш ва қатъият билан олиб борилишини таклиф этмоқда. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, уларнинг фаолиятини эркинлаштириш, судларнинг мустақиллигини амалда таъминлаш, суд жараёнида очиқлик, ошкоралик тамойилларига қатъий амал қилинишини назорат этиш, инсон ҳуқуқлари бузилишига нисбатан қатъий жавобгарликни талаб этиш, прокуратура идоралари томонидан фуқаролар ҳуқуқлари камситилиши ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида бошқарув ва назорат органларининг ҳуқуқий ҳужжатлари қанчалик қонунийлигини назорат этиш, куч ишлатувчи тизимлар устидан жамоатчилик назоратини кескин кучайтириш, бунинг учун зарур ҳуқуқий меъёр ва қоидаларни тадбиқ этиш партия платформасида ўз аксини топган.

Мухбир: Дилором опа, баъзи фикрларга кўра, судларнинг эркин фаолият юрита олмаслиги, биринчи галда, уларнинг фаолиятига бевосита таъсир ўтказиб келаётган айрим тузилмалар, хусусан, прокуратура ва ички ишлар идоралари аралашувига боғлиқ. Мадомики шундай экан, суд тизимини эркинлаштириш ғоясини нечоғлик амалга ошириш мумкин?

Д.Тошхўжаева: Суд-ҳуқуқ тизимида охирги йилларда жуда кўп ижобий ўзгаришлар бўлди. Масалан, 2-чақириқ Олий Мажлиснинг 6-сессиясида судлар ва прокуратура тўғрисидаги қонунларнинг янги таҳрирлари қабул қилинди. Уларга жуда кескин ўзгариш ва қўшимчалар киритилди. Эркинлаштириш жараёни тўхтаб қолгани йўқ ва у давом этади.

Мухбир: Мавжуд қонунчиликдаги тақиққа қарамай, вилоятларда, айниқса, пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланиш кенг тарқалган. Партиянинг бу борадаги қатъий позициясига тўхталиб ўтсангиз.

Д.Тошхўжаева: Бизнинг қонунчилигимизда болаларнинг меҳнат қилиш тартиби аниқ белгилаб берилган. Масалан, 14 ёшдан бошлаб болаларнинг меҳнат қилишига, аввало, ота-она рухсати билан, бола соғлом бўлганда, йўл қўйилади. Менинг назаримда мунтазам равишда бунга (болаларнинг теримга жалб этилишига) йўл қўйиб бўлмайди. Чунки бу болаларнинг соғлиғига таъсир қилади. Болаларимизнинг биринчи навбатдаги энг катта иши таълим олишдир.

Мухбир: Дилором опа, партия ўз олдига олижаноб мақсадларни қўйган деяпсиз. Шундай экан, нима учун партия парламент депутатлигига нисбатан кам номзод кўрсатган? Балки бунинг қандайдир сабаблари бордир?

Д.Тошхўжаева: Қурултойга тайёргарлик кўриш жараёнида жойлардаги ташкилотларимиз таклиф этган номзодлар сони 120 тага тўғри келган эди. Лекин янги парламент профессионал бўлиши, шунинг учун унда ишлайдиганлар энг жиддий талабларга жавоб бера олиши кераклигини назарда тутиб, бу номзодларнинг баъзилари ҳали парламентда ишлашга тайёр эмас, деган хулосага келдик.
XS
SM
MD
LG